БМТ Россияни Навалнийнинг қаердалигини очиқлашга чақирди
Россия расмийлари Алексей Навалний қаерда ва қандай аҳволда эканлиги ҳақида зудлик билан хабар бериши керак, деди БМТнинг Россиядаги инсон ҳуқуқлари аҳволи бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарова.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Россияни қамоқ жазосини ўтаётган, 6 декабрдан бери алоқага чиқмаган россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг қаердалиги ва соғлиғи ҳақида маълумот беришга чақирди. «Россия ҳукумати Алексей Навалнийнинг қаерда эканлиги ва соғлиғи ҳақида узоқ вақт давомида хабар бермаганидан жуда хавотирдаман», - дейди БМТнинг РФдаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарова.
У колонияда узоқ вақт давомида Навалнийга нисбатан нотўғри муносабатда бўлингани ва у 2021 йил 17 январдан бери тегишли тиббий ёрдамдан фойдалана олмагани, натижада соғлиғи ёмонлашгани ва ҳаётига катта хавф туғилганига ишора қилди.
БМТ Навалнийни ташқи дунё билан алоқадан узишга уринишлар ҳақида маълум қилди
Шу билан бирга, Кацарова октябр ойида Навалнийнинг уч нафар адвокати «экстремизм»да айбланиб ҳибсга олингани ҳақида гапирди. «Адвокатларни ҳибсга олиш орқали Россия расмийлари Навалнийни ташқи дунё билан алоқадан, шунингдек, ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қилмоқчи», - деди у. Бундан ташқари, Кацарова сўзларига кўра, Навалнийнинг адвокатлари ҳибсга олиниши Россияда инсон ҳуқуқлари соҳасида ишлайдиган ва диссидентлар манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокатларнинг мунтазам равишда таъқиб қилиниши, шунингдек, сиёсий мотивли ишларда «экстремизм» айбловини қўллаш хавфининг намунасидир».
«Россия ҳукуматини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилишга чақираман. «Экстремизм» атамаси халқаро ҳуқуқда ҳеч қандай асосга эга эмас ва уни жиноий таъқиб қилишда қўллаш қоралашга арзийдиган инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади», - деди БМТ махсус маърузачиси. Шунингдек, у Навалний ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганларнинг барчасини зудлик билан озод қилишга, уларга ҳуқуқий ҳимоя ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга мувофиқ етказилган барча зарар учун товон тўлашга чақирди.
Навалний билан 13 кундан бери алоқа йўқ
Навалний жамоаси унинг ғойиб бўлгани ҳақида декабр ойи бошида хабар берган эди. 5 декабрдан бери сиёсатчи билан ҳеч қандай алоқа йўқ. Владимир вилоятидаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колонияси (ИК-6) ходимлари Навалний «энди у ерда рўйхатда йўқлигини» маълум қилган. Унинг ҳозир қаерда эканлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Мухолифатчи сиёсатчининг тарафдорлари ижтимоий тармоқларда #ГдеНавальный ҳештегини йўлга қўйишди ва унинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилишди. Европа Иттифоқи ва АҚШ Россияни у ҳақида зудлик билан маълумот беришга чақирмоқда. «У зудлик билан озод этилиши керак. Бундан ташқари, у қамоққа тушмаслиги керак эди», - деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби.
15 декабр куни Федерал жазони ижро этиш хизмати Навалнийнинг бошқа колонияга ўтказилгани ҳақида эълон қилди, 18 декабр куни Навалнийнинг колониядаги сақлаш шароитлари ҳақидаги даъволарини кўриб чиқаётган судлар унинг қаердалиги аниқланмагунча бу жараёнларни тўхтатиб қўйгани маълум бўлди.
Мавзуга оид
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
20:17 / 16.11.2024
Санкциялар Россиянинг йирик газ лойиҳасини чўктириб юбормоқда — ОАВ
18:18 / 16.11.2024
Россияда мигрантларни назорат этадиган «Мигрант ID» жорий қилиниши мумкин
13:46 / 16.11.2024