Ўзбекистон | 08:02 / 20.12.2023
4121
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда Индонезия тажрибасини ўрганяпти

Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Соғлом турмуш тарзи ва фитнес ассоциацияси ҳамда Индонезия фитнес мураббийлари уюшмаси ўртасида видео-конференция шаклида учрашув ташкил этилди.

Фото: Shutterstock

«Дунё» хабарига кўра, онлайн учрашув давомида Индонезия томонига Ўзбекистон Соғлом турмуш тарзи ва фитнес ассоциацияси фаолияти тўғрисида маълумот берилди. Яқинда ташкил этилган мазкур ассоциациясининг асосий вазифаси аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, соғлом овқатланиш тамойилларини кенг тарғиб қилиш, барча ёшдаги фуқаролар ўртасида жисмоний қобилиятни шакллантириш эканлиги таъкидланди.

Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон Соғлом турмуш тарзи ва фитнес ассоциацияси ва Индонезия фитнес мураббийлари уюшмаси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Қўшма дастурлар ишлаб чиқиш, фитнес ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган стандартлар ва сертификатлаш тизимларини йўлга қўйиш, методологик қўлланмалар ишлаб чиқиш, мураббийлар тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, семинарлар, маҳорат дарслари, ўқув-машғулот йиғинларини биргаликда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Ўзбекистонда фитнес ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қаратилган шароитлар билан яқиндан танишиш ва бу соҳада икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ушбу уюшма вакилларининг Ўзбекистонга амалий сафарини уюштириш юзасидан келишиб олинди. 

Мавзуга оид