Ўзбекистон | 17:35 / 20.12.2023
9502
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бюджет пули ҳисобидан янги йил корпоративлари ўтказиш тақиқланди

Бош вазир Абдулла Арипов барча давлат ташкилотларига бюджет ва ундан ташқари маблағлар ҳисобидан янги йил муносабати билан байрам дастурхони ёзиш ва корпоратив йиғилишлар ўтказишни тақиқлади.

Ўзбекистонда ҳукумат топшириғи билан давлат ташкилотларига янги йил муносабати билан корпоратив байрамлар ўтказиш тақиқлангани ҳақида хабар тарқалди. Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов Kun.uz мухбирига берган изоҳида бу хабар айрим телеграм-каналларда бироз нотўғри талқин қилинганини таъкидлади.

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов

Маълум қилинишича, барча вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятлари ва тижорат банкларига бюджет ва ундан ташқари маблағлар ҳисобидан янги йил муносабати билан корпоратив йиғилишларни ташкил этиш ва байрам дастурхонини ёзиш тақиқланди.

Ходимлар ўз ойликлари ёки рағбат пулларидан ташкил этиши бундан мустасно.

«Бюджет пули — халқнинг пули. Унинг ҳар бир тийини ҳисобли. Халқимиз бу пулларни бизнинг ўйин-кулги қилишимиз учун бермаган», — деган бош вазир Абдулла Арипов.

Ҳукумат раҳбари ўтган йили ҳам бюджет маблағлари ҳисобидан байрам тадбирларини ўтказишни тақиқлаганди.