Жаҳон | 16:01 / 23.12.2023
5974
3 дақиқада ўқилади

Полшанинг янги ташқи ишлар вазири Сикорский Украинани қўллаб-қувватлашини маълум қилди

«Бу шиддатли курашда Полша сиз томонда», деди Полшанинг янги ташқи ишлар вазири украиналик ҳамкасбига. Сикорский Украина Полшанинг янги бош вазири Туск тимсолида дўст топишига ишонтирди.

Фото: Reuters

Полшанинг янги ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Украинага қилган биринчи хорижий сафари чоғида Киевни Россияга қарши урушда қўллаб-қувватлашига ишонтирди. «Ушбу титаник курашда, жаноб вазир, Полша сиз томонда», деди у 22 декабр, жума куни украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида.

Сикорский «мамлакат қўшнисига ҳужум уюштириб, шаҳарларни бомбардимон қилиши, бутун минтақаларни вайронага айлантириши ва болаларни депортация қилиши»ни «мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат» деб атади. «Менимча, бу Европадаги сўнгги мустамлакачилик уруши ва у шундай якунланиши керак: Россия ютқазиши, Украина эса ғалаба қозониши керак», — дея қўшимча қилди Полша ташқи ишлар вазирлиги раҳбари. 

Радослав Сикорскийнинг сўзларига кўра, Украина Полша янги бош вазири Доналд Туск тимсолида дўст топади, вазирнинг сўзларига кўра, у Киев ва Европа Иттифоқи ўртасида ЕИга қўшилиш бўйича музокараларни бошлашга «туртки берган», деб ёзади Rzeczpospolita газетаси.

Украина Дипломатик хизмати ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққан Сикорский тарихдаги шахс мавзусига тўхталиб, Украина президенти Володимир Зеленскийни Буюк Британиянинг Иккинчи жаҳон уруши пайтидаги бош вазири Уинстон Черчилл билан солиштирди. Унинг сўзларига кўра, агар Зеленский уруш бошида Киевни тарк этганида, Украина мағлубиятга учраган бўларди, дея вазир сўзларидан иқтибос келтирилган Полша ТИВ твитида.

Ўз навбатида, Дмитрий Кулеба Сикорский билан суҳбатда Полша транспорт компаниялари томонидан чегарани «қабул қилиб бўлмайдиган» блокадаси тугатилишига умид билдирди. «Биз ечим топишимиз керак, - деди у, - биринчи навбатда, чегарани очишимиз керак». Кулеба чегара блокадаси икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларга рахна солаётган вазиятни «қабул қилиб бўлмайдиган ва зарарли» деб атади. 

Мавзуга оид