Мусулмонлар учун дўстона туризм: етакчи мамлакатлар ва Ўзбекистон учун имкониятлар
Саёҳатлар ландшафти кенгаймоқда. Мусулмонлар учун дўстона туризм (МДТ) яратиш барча юртлар учун долзарб масалага айланяпти – ислом динига эътиқод қилувчилар сони 2 миллиардга яқинлашди, ахир. Бу эса мусулмон саёҳатчилар учун жозибали саёҳат ва дам олиш имкониятларини яратиш билан бўлади. Бу борадаги муваффақиятли тажрибаларни ўрганиш Ўзбекистон учун ҳам фойдали.
Ўзбекистон мусулмон дунёсини ўзига жалб қила олади. Юртимиз –
- Ислом маданияти ўчоғи;
- машҳур алломалар ватани;
- минг йиллик ўтмиш билан боғланган тарихий мафтункор бинолари бор;
- лаззатли таомлари билан машҳур;
- Ипак йўлининг марказида жойлашган Шарқ гавҳари.
Мамлакатимизга мусулмон сайёҳлар оқими йилдан йилга ортиб бормоқда. Аммо сайёҳларда Ўзбекистон ҳақида янада яхшироқ таассурот қолиши учун шарт-шароитлар янада яхшиланиши керак.
Мусулмонлар учун дўстона туризм – туризм саноатининг ихтисослашган шакли. У Ислом тамойилларига мувофиқ равишда мусулмон саёҳатчиларни қабул қилишга қаратилган. Бунда йўналишлар, турар жойлар, кўрсатиладиган хизматлар ва объектлар (масканлар) мусулмон ташриф буюрувчилар учун қулай, Ислом дини талабларга мос бўлади.
Аммо бу нафақат мусулмондар учун – барча учун инклюзив ва меҳмондўст муҳит яратиш вазифасидир.
Маълумот учун: Мусулмонларнинг глобал саёҳат индекси (GMTI) маълумотларига кўра, дунё бўйлаб мусулмон саёҳатчиларнинг умумий сони 2023 йилда 140 миллионга етиб, пандемиядан олдинги даражага яқинлашган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич 2028 йилга бориб 230 миллионга етиши кутилмоқда, бунга сарфланадиган маблағ эса 225 миллиард доллар атрофида бўлиши мумкин.
2022 йил мусулмон сайёҳатчилар учун энг қулай мамлакатлар рейтингида кучли йигирматаликда Малайзия етакчи, Туркия, Саудия Aрабистони ва Индонезия 2-ўринни эгаллаган, Ўзбекистон рейтингда сезиларли яхшиланиб, 7 поғона юқорилаб, 9-ўринни эгаллаган.
Дунё бўйлаб муваффақиятли МДТ ташаббуслари
Малайзия – етакчи давлат
Малайзия мусулмонлар учун дўстона туризми билан машҳур. Мамлакат “ҳалол” сертификатига эга муассасаларга, кўплаб масжидларга, бой Ислом меросига эга. Куала-Лумпур халқаро аэропорти намоз ўқиш жойлари ва таҳорат олиш учун шинам имкониятларга эга, бу каби шарт-шароитлар барча йирик савдо марказлари, анжуман саройлари, диққатга сазовор жойларда мавжуд.
Малайзияда озиқ-овқат, маҳсулотлар ва хизматлар учун яхши ташкил этилган “ҳалол” сертификати тизими мавжуд. Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) сертификатлаштириш жараёнини назорат қилади. Ислом туризм маркази (ITC) Малайзияда ислом туризмини тарғиб қилиш ва мусулмон саёҳатчилар учун маълумот ва хизматлар кўрсатишни ривожлантириш билан шуғулланади. Малайзия ҳалол маҳсулот ва хизматларга йўналтирилган “Ҳалол Парк” ташаббусини амалга оширди. Бу парклар “ҳалол” сертификатига эга ишлаб чиқариш қувватларини, тадқиқот марказларини ва логистикани бирлаштиради.
Туркия – тарих ва меҳмондўстлик
Серқирра ислом тарихига эга Туркия мусулмонлар учун дўстона манзил сифатида танилган: масжид-у намозхоналар, ҳалол таомхоналар ва кўплаб диққатга сазовор жойлари бор. Истанбул аэропортида саёҳатчилар учун махсус намоз хоналар ташкил этилган, йирик бозорлар, кўнгилочар масканларида ҳам намозгоҳлар, таҳоратхоналарни топиш мумкин.
Туркия ҳукумати Ислом туризмини фаол равишда тарғиб қилиш ва ташриф буюрувчи мусулмонларга дўстона муносабатни яхшилаш бўйича ташаббусларни амалга ошириб келмоқда. Бунга ҳалол туризмни тарғиб қилиш ва мусулмон саёҳатчиларни қулай жойлаштириш вазифалари киради. Туркияда маҳсулот ва хизматларнинг ҳалол стандартларига мувофиқлигини сертификатлаш учун Турк стандартлари институти ва Ҳалол аккредитация агентлиги каби ташкилотлар фаолият юритади.
Бирлашган Араб Амирликлари – ҳашамат ва қулайлик
БAA, хусусан, Дубай ва Aбу-Даби мусулмонлар учун дўстона туризмни қулай қилиш намунасидир. Юқори даражага мувофиқ турар жойлар, умумий овқатланиш, оилавий дам олиш, диққатга сазовор жойларда мусулмон саёҳатчилар учун кенг қамровли хизматлар яратилган. Жумладан, ногиронлар учун қулай бўлган таҳорат жойларини учратасиз. Дубай халқаро аэропортида мусулмон саёҳатчилар учун махсус жой – “Halal Traveler's Lounge” ажратилган.
Индонезия – хилма-хиллик
Дунёнинг энг йирик мусулмон давлати Индонезия мусулмонлар учун дўстона туризмнинг хилма-хил турларини таклиф қилади: мамлакат ҳалол таомлардан тортиб, сокин исломий дам олиш масканларигача бўлган қулай шарт-шароитлар тизимини яратган.
Бу ерга ташриф буюрувчилар учун ҳалол ресторанлар, намозгоҳлар ва маданий масъулият биринчи ўринга қўйилган кўплаб масканлар мунтазир.
Индонезия ўзининг “Aжойиб Индонезия” кампанияси орқали ҳалол туризмни фаол тарғиб қилиб келмоқда. Мамлакат меҳмонхоналар, ресторанлар ва туризм билан боғлиқ хизматларни ҳалол сертификатлашга сармоя киритган.
МДТ – мусулмон бўлмaгaн дaвлaтлaрда
Япония – меҳмондўстлик
Япония мусулмон саёҳатчиларни жойлаштиришда, уларга хизмат кўрсатишда сезиларли ютуқларга эришяпти. Нарита халқаро аэропорти ва Токиодаги савдо мажмуалари намозгоҳлар билан таъминланган, меҳмонхоналарда эса истагингизга кўра ҳалол таомлар таклиф қилинади.
Киото ва Токио шаҳарларидаги баъзи ресторан ва меҳмонхоналарда ибодат қилиш жойлари бор, “ҳалол” сертификатини фахр билан намойиш этишади.
Жанубий Корея – хушмуомала меҳмондўстлик
Жанубий Корея ҳам мусулмон сайёҳларни кутиб олишда анча фаоллашган. Мамлакатнинг сайёҳлик ташаббуслари доирасида хизмат кўрсатувчи провайдерлар учун мусулмон туристларнинг талаблари ва одатлари ўргатиладиган тренинглар ўтилади.
Жанубий Кореядаги йирик аэропортлар, савдо марказлари ва машҳур сайёҳлик жойлари мусулмон саёҳатчиларнинг намозларини ўқишлари учун махсус намоз жойларини тақдим этади. Сеул ва Пусан каби шаҳарларда турли ошхоналар, жумладан, ҳалол талабларига жавоб берадиган корейс таомларини таклиф қилувчи “Ҳалол” сертификатига эга ресторанлар сони ортиб бормоқда.
Жанубий Корея ўзини мусулмон сайёҳлар учун янада жозибадор қилиш учун “Мусулмонларга дўст Корея” дастурини ишга туширди. Бу ташаббус ҳалол объектлар, жумладан, меҳмонхоналар, ресторанлар ва туроператорларни сертификатлашни ўз ичига олади.
Ўзбекистонда мусулмонлар учун дўстона туризмни ривожлантириш
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясидаги нутқида туризм соҳасига киритилаётган ҳар бир доллар келгусида 3-4 баробар даромад келтиришини, яратилаётган ҳар бир янги иш ўрни бошқа тармоқларда яна иккита иш ўрни ҳосил қилишини айтди.
Шу билан бирга, имконияти чекланган сайёҳлар учун қулай шароитларни янада яхшилаш, инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 2025 йилни “Бутунжаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
“Инклюзив туризм” мусулмонлар учун дўстона туризм (МДТ) тушунчасини ҳам ўз доирасига олади. Шу боисдан, Ўзбекистонда мусулмонлар учун дўстона туризмни янада ривожлантиришда қуйидаги йўналишларни такомиллаштириш лозим:
“Ҳалол” сертификати ва стандартлар – меҳмонхоналар, ресторанлар ва хизматлар учун “ҳалол” сертификатининг аниқ стандартларини белгилаш ҳамда халқаро тажриба ва талабларни ўрганиш.
Рақамли платформалар ва иловалар – ҳалол хизматлар, масжидлар ва мусулмонлар учун қулай бўлган бошқа қулайликлар ҳақида реал вақтда маълумот берувчи рақамли платформалар ва мобил иловаларни ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш.
Ҳалол хизматларини диверсификация қилиш – ҳалол хизматлар турларини ошириш, жумладан, дам олиш, кўнгилочар, оилавий овқатланиш масканларида ва турар жойларда мусулмон саёҳатчиларнинг турли эҳтиёжларини қондириш имкониятларини яратиш.
Қулай ибодат жойлари – аэропортлар, савдо марказлари ва сайёҳлик жойларида ибодат жойларини ва қулайликларни яратиш. Келгусида жамоат (халқ) учун ҳизмат қиладиган объектлар қурилишида (лойиҳалашда) ушбу шартларни ҳисобга олиш ва режалаштириш.
Давлат-хусусий шериклик – мусулмонлар учун дўстона туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун давлат ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш. Ушбу ҳамкорлик молиялаштириш имкониятларини оширади ва барқарор ўсишни таъминлайди.
Сертификатлаш учун давлат грантлари – “ҳалол” сертификатини олмоқчи бўлган корхоналарга (ташкилотларга) молиявий ёрдам ёки грантлар тақдим этиш. Бу кўпроқ муассасаларни сертификатлаш жараёнидан ўтишга ундайди, бу эса мусулмонлар учун қулай туризм экотизимини яхшилайди.
Исломий молия хизматлари – мусулмонлар учун дўстона туризм билан шуғулланувчи корхоналар эҳтиёжларини қўллаб-қувватловчи молиявий маҳсулотларни таклиф қилиш учун ислом банклари, исломий банк дарчалари, исломий суғурта (такафул) хизматлари бозорини ривожлантириш. Бу шариатга мувофиқ молиялаштириш ва инвестиция имкониятларини ўз ичига олади.
Қонунчилик – МДТ ривожини таъминлаш мақсадида, тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, бу учун маъсул вазирлик ва идораларни бириктириш ҳамда қонуний фаолият олиб бораётган тадбиркорлар фаолиятига аралашмаслик шартларини қонун орқали янада мустаҳкамлаш.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон туризм саноати катта потенциалга эга. Мусулмонлар учун дўстона туризм йўналишида амалга ошириладиган ислоҳотлар ҳам маҳаллий туристлар, ҳам хорижлик туристлар (зиёратчилар) учун манфаатли бўлади. Ривожланиш ва рақобат даврида яшаётганимиз боис, эркин ва қулай шартлар асосида ривожланишимиз муҳим аҳамият касб этади.
Искандар Турсунов,
Ислом иқтисодиёти ва молияси мутахассиси
Мавзуга оид
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024
2024 йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони маълум қилинди
17:47 / 15.10.2024