Ўзбекистон | 14:24 / 25.12.2023
29497
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ит етаклаб кетаётган йигит калтакланиб, умуртқаси синдирилди

Катта ёшли эркак ҳужумига учраган 18 ёшли йигитнинг яқинлари Kun.uz'га боғланиб, ички ишлар органларида тергов ишлари суст олиб борилаётганидан шикоят қилишди.

Тошкентда 18 ёшли йигит катта ёшли эркак томонидан калтакланган. Оқибатда йигитнинг умуртқа поғонаси синиб, шифохонага ётқизилган. Можарога йигит етаклаб кетаётган ит сабаб бўлган.

Йигитнинг онаси ижтимоий тармоқларда ҳодисани кўрганлардан гувоҳликка ўтишни сўраб пост қолдирган. Унда шундай дейилади:

Азиз юнусободликлар. Воқеа Юнусобод тумани 13-мавзеда, 246-мактабга яқин жойда 17 декабр якшанба куни соат тахминан 13:00 ларда содир бўлган. 18 ёшли ўсмир ўз ити билан сайр қилиб юрганда ит ўша жойдан ўтиб кетаётган қизни ҳидлаган ва тажовуз кўрсатмасдан ундан узоқлашган. Шу пайт қизнинг 40 ёшли отаси югуриб келиб, итни тепишни бошлаган. Ўсмир эркакни итариб юборган. Шунда эркак уни урган. Оқибатда ўсмирнинг умуртқа поғонаси синган ва ҳозир у касалхонада. Биз воқеани кўрган гувоҳларни қидиряпмиз. Агар кимдир ҳодисани кўрган бўлса, илтимос, жавоб ёзинг”.

Йигитнинг яқинларига кўра, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғирликдаги шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Йигитнинг яқинлари тергов ишлари жуда суст олиб борилаётганини таъкидлади.

Kun.uz ҳодиса тафсилотлари юзасидан ИИВга сўров юборди.

Мавзуга оид