Иқтисодиёт | 12:59 / 26.12.2023
31439
2 дақиқада ўқилади

2024 йилнинг давлат бюджети тасдиқланди

Ўзбекистон консолидациялашган бюджети тақчиллиги чекланган миқдори ЯИМнинг 4 фоизи миқдорида белгиланди. 

Фото: Shutterstock

“2024 йил учун Ўзбекистон давлат бюджети тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди.

2024 йил учун Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинди.

Ижтимоий жиҳатдан аҳамиятга молик миллий ва давлат дастурларига ажратиладиган грант маблағларининг белгиланган миқдорлари қонунга ўзгартиш киритилмасдан кўпайтирилади.

Ўзбекистон бюджет тизими бюджетларининг 6 ойлик ижроси якунлари бўйича даромадлари прогнози бажарилмаган ва жорий молия йилининг охирига қадар уларнинг келиб тушиши учун етарли асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда:

  • республика бюджети умумий харажатларининг 3 ва ундан ортиқ фоизи миқдоридаги харажатларни қисқартириш Олий Мажлис палаталари томонидан;
  • 3 фоиздан кам миқдордаги харажатларни қисқартириш Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 25 трлн сўм миқдорида белгиланди.

2024 йил учун Ўзбекистон консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизи миқдорида белгиланди. 

Қонунга кўра, солиқларнинг қуйидаги турлари туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тўлиқ ҳажмда ўтказилади:

  • жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
  • жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
  • мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан жисмоний шахслар томонидан тўланадиган, шунингдек ЯТТлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;
  • норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ.

Қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Мавзуга оид