Жамият | 15:25 / 26.12.2023
28274
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонга операция учун борган ўзбекистонликнинг 16 минг доллари ўғирлаб кетилди

Ўзбекистон элчихонаси вазиятни ўз назоратига олган.

Фото: Press Trust of India

Ҳиндистонда буйрак кўчириш амалиётини ўтказиш учун келган ўзбекистонликнинг 16 минг доллари ўғирлаб кетилди. «Дунё» АА хабарига кўра, Ўзбекистон элчихонаси вазиятни ўз назоратига олган.

Ҳиндистоннинг Press Trust of India ахборот агентлиги ушбу мамлакатнинг Гуруграм (Гургаон) шаҳрида полиция кийимида бўлган бир гуруҳ шахслар ўзбекистонлик фуқаро пулини ўмариб кетгани ҳақида маълумот тарқатди.

23 декабр куни соат 21:00 атрофида меҳмонхонага қайтиб келаётган уч нафар ака-укани ўзини полициячи сифатида таништирган шахслар гўёки ҳужжатларни текшириш баҳонасида тўхтатган. Сумкаларни кўздан кечириш жараёнида 16 минг АҚШ долларини ўғирлаб, қочиб кетган.

Ўзини Б.С. деб таништирган Ўзбекистон фуқароси Гуруграм шаҳрида жойлашган Artemis шифохонасига буйрак кўчириш амалиётини ўтказиш учун келган бўлган. У воқеа юзасидан маҳаллий полиция идорасига мурожаат қилган.

Ҳозир Гуруграм шаҳрининг 53-сектори полиция бўлими томонидан жиноят қонунчилигининг 379А (тортиб олиш орқали ўғрилик), 419 (ўзини бошқа киши деб таништириш йўли билан алдаш) ва бошқа моддалари бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Элчихона томонидан Ҳиндистон ТИВ ва бошқа расмий идоралар билан мазкур ҳолат юзасидан расмий мулоқотлар ўтказилиб, вазият назоратга олинган.

Дипломатик миссия ватандошларни Ҳиндистонга турли мақсадлар, жумладан, тиббий муолажа олиш ниятида келиш пайтида турли шубҳали гуруҳ ёки шахсларнинг гапларига ишониб қолмаслик, айниқса, молиявий масалалар билан боғлиқ вазиятларда шахсий хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш, йирик миқдордаги нақд пул ишлатмаслик, банк карталаридан ёки пул ўтказиш амалиётидан кенг фойдаланишга чақиради.

Мавзуга оид