Индонезия Ўзбекистонда таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини ўрганяпти
Ўзбекистон дипломатлари Индонезиянинг BINUS университети халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича ректор ўринбосари Тирта Нуграҳа Мурситама билан учрашув ўтказди.
«Дунё» хабарига кўра, Индонезия томонига Ўзбекистонда сўнгги йилларда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари тўғрисида маълумот берилди. Жумладан, мамлакатда олий таълим муассасалари сони 70 тадан 191 тага етказилгани, ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошгани таъкидланди.
BINUS университети вакиллари, ўз навбатида, олий таълим муассасасининг Индонезиядаги ва халқаро майдондаги узоқ йиллик тажрибаси тўғрисида батафсил маълумот берди. Индонезия томони, шунингдек, BINUS университетида таълим йўналиши бўйича қўшма форум ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Тирта Нуграҳа Мурситама мазкур олийгоҳнинг мамлакатда бизнесни бошқариш йўналишида магистратура дастурларини амалга ошириш, мазкур университет филиалини очиш имкониятларини ўрганиш учун BINUS раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш режаларини маълум қилди. У ҳамкорликнинг биринчи қадами сифатида ўзбекистонлик бир нафар талабага таълим гранти ажратилишини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар Индонезия томонидан билдирилган таклифларни Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан муҳокама қилиш тўғрисида келишиб олди.
Мавзуга оид
10:30 / 21.09.2024
USAID Ўзбекистонда таълимни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча маблағ ажратди
10:40 / 13.09.2024
Қатар ўзбекистонлик талабалар учун таълим грантлари сонини кўпайтириши мумкин
19:16 / 11.09.2024
Ҳар бир камбағал оиланинг камида бир аъзоси олий маълумотли бўлиши учун шароит яратилади
21:41 / 06.09.2024