Ўзбекистон | 18:41 / 26.12.2023
26033
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ёш маҳкум ўз жонига қасд қилди

Ҳолат юзасидан махсус прокуратура томонидан суриштирув ишлари олиб бормоқда. 

Фото: Kun.uz

Навоий шаҳридаги жазони ижро этиш колониясида 24 ёшли маҳкум ўз жонига қасд қилиб, вафот этди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова хабар берди. 

Қайд қилинишича, 25 декабр куни маҳкум чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера деразасига ўрнатилган темир панжарага ўзини осиши оқибатида вафот этган. Ҳолат омбудсман томонидан назоратга олинган. 

Аниқланишича, 24 ёшли маҳкум Самарқанд вилояти, Тойлоқ тумани судининг 2021 йил 10 ноябрдаги ҳукмига кура, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) ва 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) билан 14 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. У муқаддам руҳиятнинг ўзгариши билан боғлиқ бошқа касалликларга мойиллиги бўлган маҳкумлар рўйхатида турган. Жазо муддатини ўташи давомида маҳкумларга мўлжалланган ихтисослаштирилган касалхонанинг психиатрия бўлимида 2 маротаба даволанган. 

Марҳумнинг оила аъзолари унинг жазо муддатини ўташи давомида қисқа ва узоқ муддатли учрашувга келмагани, фақат телефон орқали 6 марта суҳбатлашгани таъкидланмоқда. Шунингдек, марҳумнинг «ноодатий хатти-ҳаракатлари сабабли» бошқа маҳкумлар у билан бир камерада ўтиришни истамаган, шу сабабли 24 декабрдан буён алоҳида сақланган. 

Ҳолат юзасидан махсус прокуратура томонидан суриштирув ишлари олиб бормоқда.

Мавзуга оид