Ўзбекистон | 21:00 / 28.12.2023
29988
2 дақиқада ўқилади

2024 йил учун ижара ҳақининг янги минимал ставкалари белгиланди 

Мазкур ставкалар жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадига солиқ солиш мақсадида қўлланилади. 

2024 йил 1 январдан бино ёки автомашинани ижарага берадиган жисмоний ва юридик шахслар учун энг кам ижара ҳақи ставкаси белгиланди. Бу 2024 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда қайд этилган (.pdf)

Жумладан, турар жойни ижарага бериш бўйича энг кам ставка қуйидагича белгиланган (1 кв.м. учун ойига):

- Тошкент шаҳрида – 25 минг сўм;

- Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – 12 минг сўм;

- бошқа аҳоли пунктларида – 5 минг сўм. 

Жумладан, нотурар жойни ижарага бериш бўйича энг кам ставка қуйидагича белгиланган (1 кв.м. учун ойига):

- Тошкент шаҳрида – 40 минг сўм;

- Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – 23,5 минг сўм;

- бошқа аҳоли пунктларида – 10 минг сўм. 

Шунингдек, енгил автомобилни ижарага беришнинг энг кам ставкаси ойига 780 минг сўм, микроавтобус, автобус ва юк автомобили учун 1 млн 550 минг сўм қилиб белгиланган. 

Қайд қилинишича, мазкур ставкалар жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадига солиқ солиш мақсадида қўлланилади.

Мавзуга оид