Жаҳон | 15:05 / 29.12.2023
32544
12 дақиқада ўқилади

Россия Украина бўйлаб 100 дан ортиқ ракета учирди. Асосий маълумотлар

Киев, Одесса ва Лвивда турар жойлар, Днипрода — савдо маркази биноси шикастланган. Йигирмага яқин киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ киши яраланган.

Киевга ракета ҳужуми. Фото: Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Россия қўшини 29 декабрга ўтар кечаси Украина бўйлаб ёпирилма ракета зарбалари йўллади. РФ армияси ҳужумда Shahed дронлари, шунингдек қанотли ва зенит ракеталардан фойдаланган. Сўнгги маълумотларга кўра, 18 киши ҳалок бўлиб, 132 киши яраланган, улар орасида олти ва саккиз ёшлардаги икки бола ҳам бор.

Украина ҚК ҳаво кучлари расмий вакили Юрий Игнат «Бабел» нашрига маълум қилишича, Россия қўшини зарбалар вақтида «Кинжал» ракеталари, баллистик, зенит ва қанотли ракеталар ҳамда дронларни қўллаган. «Биз ҳеч қачон мониторимизда бир вақтнинг ўзида бу қадар кўп нишонларни кўрмагандик», — деган Игнат. Унинг сўзларига кўра, ҳужум вақтида Россия қўшини 18 та стратегик бомбардимончи самолётлардан фойдаланган.

Киев

Киевга турли турдаги ўнлаб ракеталар билан ҳужум қилинди, улар шаҳарга турли йўналишларда тўлқин бўлиб кирган, деб маълум қилган Киев ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко. Унинг тасдиқлашича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Киев устида 30 дан ортиқ нишонни уриб туширган. Ёпирилма ракета ҳужуми оқибатида Киевда вайронгарчиликлар ва жабрланганлар қайд этилган.

Попконинг сўзларига кўра, Шевченково районида турар жой биноси шикастланган, гаражлар ҳудудида ёнғин келиб чиққан. Шунингдек, Киев шаҳри мэри «Лукяновская» метро бекати биноси ҳам зарбага учраган. Унинг сўзларига кўра, Шевченково районида омборхоналар шикастланган, харобалар остидан икки кишининг жасади чиқариб олинган. Бундан ташқари, аҳоли яшамайдиган қурилишлар ҳудудида ва ҳали қуриб битказилмаган бизнес марказ биносида ёнғин чиққан.

Подолск районида уч минг квадрат метр майдонни эгаллаган омборлар ҳудудида ёнғин рўй берган, бунинг оқибатида, Попконинг сўзларига кўра, «кўплаб ярадорлар бор». Ўнлаб кишилар харобалар остида қолиб кетган.

Киевнинг Святошинск районида ҳали аҳоли кўчиб кирмаган кўп қаватли бинода ёнғин рўй берган, бошқа жойда тураргоҳга қўйилган учта автомобил ёниб кетиб, бир киши жароҳат олган. Дарницк районида хусусий ва кўп квартирали турар жойлар шикастланган, жабрланганлар ва ёнғин қайд этилмаган.

Украина расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, Киевда икки киши ҳалок бўлган ва камида 28 киши тан жароҳати олган, шундан 25 нафари шифохонага ётқизилган. Украина ИИВ Киев бўйлаб зарбалар оқибатлари акс этган фотосуратларни намойиш этган.

Киев осмонида ракета портлаши
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Киевга ракета зарбалари вақтида шикастланган омборхона
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Киев, 2023 йил 29 декабр
Ivan Lyubysh-Kirdey / Reuters / Scanpix / LETA

Ижтимоий тармоқларда Киевдаги турар жой биноларидан бирига ракета келиб урилгани айтилган видео тарқалган.

Харкив

Харкив тунда ва тонгда уч бор ракеталар билан ўққа тутилди, деб хабар берди шаҳар раҳбари Игор Терехов. Унинг сўзларига кўра, Россия қўшини Х-22 қанотли ракеталари ва С-300 комплексидан учирилган ракеталар билан зарба йўллаган. Тун бўйи ва тонгда шаҳар бўйлаб 20 га яқин ракета билан зарба йўлланди, деб хабар берган Харкив области раҳбари Олег Синегубов. Турар жойлар, мактаб, почта, омборхоналар, ишлаб чиқариш бинолари, транспорт депоси, корхоналар вайрон бўлган ёки шикастланган, тиббиёт муассасаларидан бирида портлаш тўлқини оқибатида том ва деразалар шикастланган.

Россия зарбалари оқибатида Харкивда камида уч киши ҳалок бўлиб, 13 киши жароҳатланган, деб хабар қилади Синегубов. Зарбалар оқибатида шаҳарда жамоат транспорти учун электр узатишда муаммолар юзага келган.

Днипро

Маҳаллий нашрларга кўра, Днипрода ракета зарбасидан кейин савдо маркази ёниб кетган. Савдо маркази атрофидан туриб олинган видеоёзувларда ҳалок бўлган ёки жароҳатланган кишиларни кўриш мумкин. Шаҳардаги туғуруқхоналардан бирининг биносида ёнғин рўй берган. «Зарба келиб урилиши оқибатида тиббиёт муассасаси биносида жиддий шикастланиш қайд этилган. Барча беморлар ва тиббиёт ходимлари бошпаналарга ўтишга улгурган», — дейилади соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида. Днипро шаҳри раҳбари Борис Филатов шаҳар ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар борлигини тасдиқлаган.

Днипропетровск области раҳбари Сергей Лисакнинг аниқлик киритишича, беш киши ҳалок бўлиб, 20 киши жароҳатланган. Қидирув-қутқарув амалиёти давом эттирилмоқда, харобалар остида одамлар қолган бўлиши мумкин. Област раҳбарининг сўзларига кўра, савдо маркази ва туғуруқхонадан ташқари хусусий уйлар ва олти қаватли бино шикастланган.

Днипрода ракета зарбаси оқибатида қисман вайрон бўлган савдо маркази биноси
Arsen Dzodzaiev / EPA / Scanpix / LETA
Зарбага учраган савдо маркази атрофидаги днипроликлар
Arsen Dzodzaiev / EPA / Scanpix / LETA
Днипрода зарбадан шикастланган аҳоли яшаш квартали
Arsen Dzodzaiev / EPA / Scanpix / LETA

Лвив

Тун мобайнида россиялик ҳарбийлар Shahed-136/131 типидаги 20 дан ортиқ учувчисиз учиш қурилмаларини учирган, Лвив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкийнинг маълум қилишича, бу қурилмаларнинг камида 14 таси Лвив области бўйлаб ҳаракатланган, бу дронлардан 8 таси уриб туширилган.

Лвив шаҳри раҳбари Андрей Садовийнинг маълум қилишича, ўққа тутиш оқибатида критик инфратузилма объектида ёнғин содир бўлган. Бундан ташқари, Лвив ракеталар билан ўққа тутилиши вақтида турар жой бинолари ҳам шикастланган. Хоткевич кўчасидаги уйлардан бирига ракета келиб тушиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, уч киши яраланган, дея хабар берган област маъмурияти раҳбари Максим Козицкий. Шаҳардаги лицейлардан бирида ракета парчалари тушиши оқибатида ёнғин бошланган. Шунингдек, учта мактаб ва болалар боғчаси шикастланган. Бундан ташқари, Лвивдаги корхоналардан бирига зарба келиб тушган. Бу ерда маъмурият биноси ва ишлаб чиқариш цехи қисман вайрон бўлган, жароҳатланганлар йўқ.

Лвивга ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, 15 киши яралангани тасдиқланган. Жабрланганларнинг аксари портлаш тўлқини оқибатида турар жой биноларининг дераза ойналари синиши оқибатида жароҳатланган.

Лививдаги Хоткевич кўчасидаги уйда зарба оқибатлари, 2023 йил 29 декабр. Фото: Андрій Садовий

Одесса

Одессада уриб туширилган дрон парчалари кўп қаватли бинога келиб тушган ва ёнғин бошланган, деган област маъмурияти раҳбари Олег Кипер. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқлигини маълум қилган. Украина жанубий мудофаа кучлари матбуот хизмати хабарига кўра, Одесса районида инфратузилма объектларидан бирининг фойдаланишда бўлмаган биносида ёнғин келиб чиққан. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Одессада мактабга зарба берилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, етти киши яраланган, улар орасида бир бола ҳам бор.

Олег Кипернинг аниқлик киритишича, Одесса бўйлаб зарбалар оқибатида жами уч киши ҳалок бўлиб, 23 киши жабрланган, шундан икки нафари болалар. Ярадорларнинг икки нафари оғир ҳолатда қолмоқда.

Запорижжя

Украин нашрлари Запорижжядаги портлашлар тўғрисида ҳам хабар берган. Запорижжя области ҳарбий маъмурияти раҳбари Юрий Малашконинг хабарига кўра, шаҳардаги бир неча корхона зарба нишони бўлган. Унинг сўзларига кўра, ракеталардан бири очиқ жойга тушган, бошқаси хусусий уйни вайрон қилган. Портлаш тўлқини ва парчалар тушишидан кўп қаватли турар жой бинолари шикастланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, маҳаллий аҳоли вакилларидан тўрт киши ҳалок бўлиб, яна 12 киши жароҳатланган. Бинолардан бирининг харобалари остида одамлар қолган бўлиши мумкин. Украина соғлиқни сақлаш вазирлиги жароҳатланганлардан икки нафари оғир аҳволда эканини хабар қилган.

Запорижжяга ракета зарбаси жойи
Reuters / Scanpix / LETA
Reuters / Scanpix / LETA

Конотоп

Сумси областида Конотоп шаҳри бўйлаб ракета зарбалари оқибатида уч киши  жароҳат олган, дейилади ҳудудий маъмурият хабарида. Унинг маълумотига кўра, зарба оқибатида кўп квартирали уй, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш станцияси шикастланган, автомобиллардан бири ёниб кетган.

Украина қуролли кучларига кўра, саноат ва ҳарбий объектлар зарбалар нишони бўлган. Зеленский «террорчиларга жавоб қайтариш»ни ваъда қилди

Украина президенти Володимир Зеленский Россия қўшини турли типдаги 110 га яқин ракета учиргани, уларнинг катта қисми украин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилганини маълум қилди. «Туғуруқхона, ўқув бинолари, савдо маркази, кўп қаватли ва хусусий уйлар, тижорат омборлари, автотураргоҳлар. Киев, Лвив, Одесса, Днипро, Харкив, Запорижжя ва бошқа шаҳарларимиз. Россия бугун деярли барчага ўз арсеналидаги бор воситалар билан зарба йўллади: „кинжаллар“, С-300, қанотли ракеталар, учувчисиз учиш аппаратлари. Стратегик бомбардимончилар Х-101/Х-505 ракеталарини учиришди», — деган Зеленский. Президент Украина «террорчиларнинг зарбалари учун албатта жавоб қайтариши»ни билдирган.

Россия қўшини муҳим инфратузилма объектлари, саноат ва ҳарбий объектларга ҳужум қилди, деб хабар берган Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний. Унинг сўзларига кўра, Россия қўшини Украинага қарши 158 та ҳаво ҳужуми воситаларини қўллаган: 36 та Shahed зарбдор дронлари, камида 90 та Х-101/Х-555/Х-55 ракеталари, саккизта Х-22/Х-32 қанотли ракеталар, камида 14 та баллистик ракеталар, бешта «Кинжал», тўртта Х-31П ва битта Х-59. Украин ҳарбийлари 27 дрон ва 87 та Х-101/Х-555/Х-55 қанотли ракеталар уриб туширилганини маълум қилган.

Залужнийнинг сўзларига кўра, Россия қўшини Украинага аввалига дронлар билан ҳужум бошлаган, соат 3:00 атрофида Ту-95МС русумли 18 та бомбардимончи самолётлар ҳавога кўтарилган, улар уч соат мобайнида камида 90 та қанотли ракеталар учирган. Соат 5 атрофида узоқ масофадан ҳаракат қилувчи Ту-22М3 бомбардимончилари ҳам ҳужумга қўшилиб, шимолий ва марказий областлар бўйлаб зарбалар йўллаган. Бу вақтда С-300 комплексларидан Харкив бўйлаб бошқарилувчи зенит ракеталари йўлланган. Соат 6:30 атрофида бешта МиГ-31К қирувчи самолётларидан «Кинжал» ракеталари учирилган. Ҳужумда Су-35 тактик авиация самолётлари ҳам қатнашган.

Украина энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ўққа тутишлар оқибатида Киев, Днипропетровск, Одесса ва Харкив областларида электр узатиш линиялари шикастланган, натижада абонентларнинг бир қисми электр таъминотидан узилган.

29 декабр куни кундузи РФ мудофаа вазирлиги брифинг ўтказиб, 23-29 декабр кунларидаги воқеалар юзасидан маълумотларни тақдим этди. Маълум қилинишича, бу вақт мобайнида РФ армияси  «ҳарбий-саноат комплекслари объектлари, ҳарбий аэродром инфратузилмалари, арсенал, шунингдек, артиллерия ўқ-дорилари, экипажсиз катерлар, қуроллар ва ҳарбий техникалар учун ёнилғи сақланадиган жойлар» бўйлаб 50 марта гуруҳли ва бир марта ёпирилма зарбалар берган (иқтибос «Интерфакс»ники). Вазирликдагилар Украина қуролли кучлари бўлинмаларининг жойлашув нуқталари бўйлаб ҳам зарбалар йўлланганини қайд этган. «Барча белгиланган объектлар аниқ нишонга олинди», — дейилади РФ мудофаа вазирлиги хабарида.

Мавзуга оид