Жаҳон | 13:20 / 30.12.2023
8777
3 дақиқада ўқилади

Венесуэла ва Гайана зиддияти: Британия ҳарбий кемаси Гайана қирғоқларига етиб келди

HMS Trent кемаси «минтақавий иттифоқчи ва Британия ҳамдўстлиги бўйича шерикнинг» олдига келди ва Гайана мудофаа кучлари билан қўшма машғулотлар ўтказади, дея хабар берди Британия Мудофаа вазирлиги.

Фото: AP

29 декабр, жума куни HMS Trent Британия қироллик флотининг патрул кемаси Гайана ҳудудий сувларига кириб, Британия ва Венесуэла ўртасидаги зиддиятни кучайтирди, деб хабар бермоқда AP. Бир кун аввал Венесуэла президенти Николас Мадуро 5600 аскар, 28 самолёт ва 16 қайиқ иштирокидаги манёврларни эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, «мудофаа» машқлари Буюк Британиянинг «мамлакат тинчлиги ва суверенитетига қарши провокация ва таҳдиди»га жавобдир

Ўз навбатида, Гайана президенти Ирфаан Алининг таъкидлашича, на Венесуэла, на бошқа ҳеч бир давлат мамлакат ҳудудий сувларида амалга оширилаётган ҳаракатлардан ташвишланмаслиги керак. Гайана «бизники бўлмаган нарсани хоҳлаш учун ҳеч қандай амбиция ёки ниятга эга эмас». 

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги HMS Trent патрул кемаси «минтақавий иттифоқчи ва Британия ҳамдўстлиги бўйича шерикнинг» олдига келганини ҳамда 3000 аскар, 200 денгизчи ва тўртта кичик Barracuda патрул кемасидан иборат Гайана мудофаа кучлари билан қўшма машғулот ўтказишини хабар берди. Гайана ТИВ хабарига кўра, Британия кемаси мамлакат ҳудудий сувларида бир ҳафтадан камроқ вақт бўлади. 

Эссекибо провинцияси атрофидаги можаро

Венесуэла ва Гайана 14 декабр куни куч ишлатмасликка ва Эссекибо провинцияси бўйича зиддият чоғида кескинлик кучайишига йўл қўймасликка келишиб олди. Декабр ойи бошида Мадуро Эссекибо масаласи бўйича Венесуэлада ўтказилган референдумдан сўнг Гайана чегарасидан тахминан 100 км узоқликда янги ҳарбий база яратиш режасини эълон қилди. Референдумда, расмий натижаларга кўра, овоз берганларнинг 95 фоизи минтақани аннексия қилиш тарафдори бўлган.

Гайана ўз ҳудудининг бир қисмини беришдан бош тортди ҳамда халқаро тинчлик ва хавфсизликни тиклаш учун чекловчи чоралар ёки ҳарбий ҳаракатларга рухсат бериши мумкин бўлган ташкилот низомининг 41- ва 42-моддаларини қўллаш учун БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилишга тайёрлиги ҳақида огоҳлантирди. Шундан сўнг Мадуро Эссекибони Венесуэла таркибига қўшадиган фармонларни имзолади. 

Венесуэла 1811 йилда мустақил давлат бўлганидан бери Эссекибога даъво қилиб келади. Гап шу номдаги дарёнинг ғарбий томонидаги умумий майдони 160 минг квадрат километр бўлган ҳудуд ҳақида бормоқда, у Гайана давлатининг тўртдан уч қисмини эгаллайди. Эссекибо асосан ўтиб бўлмайдиган ўрмондир, аммо нефт, газ, олтин ва миснинг катта захираларига эга. Можаро Американинг ExxonMobil концерни 2015 йилда минтақада бир қанча янги нефт конларини топгач, янада кучайди.

Мавзуга оид