Жаҳон | 14:45 / 03.01.2024
8714
2 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат қарзи тарихда биринчи марта 34 трлн доллардан ошди 

2023 йил охирида давлат қарзи миқдори бир кунда 33,911 триллион доллардан 34,001 триллион долларга кўтарилди. Конгрессменлар келаси ҳафта федерал бюджет харажатларини муҳокама қилиш учун таътилдан қайтади.

Фото: Reuters

АҚШ давлат қарзи ҳажми тарихда биринчи марта 34 триллион доллардан ошди. Бу ҳақда 2 январ, сешанба куни идора сайтида эълон қилинган АҚШ молия вазирлигининг статистик маълумотларида айтилган. Жадвалга кўра, 29 декабр ҳолатига мамлакатнинг умумий сўндирилмаган давлат қарзи 34,001 трлн долларни ташкил этган. Бир кун олдин у 33,911 трлн долларга баҳоланганди. Давлат қарзининг аввалги рекорд даражаси - 33 трлн доллар сентябр ойи ўрталарида қайд этилган эди.

2023 йил бошида АҚШ давлат қарзи 31,4 трлн долларлик белгиланган чегарадан ошиб кетди. Шундан сўнг, АҚШ молия вазирлиги лимит кўтарилмаса, дефолт хавфи ҳақида бир неча бор огоҳлантирди. АҚШ президенти Жо Байден ва демократлар Конгрессни ҳеч қандай шартларсиз чегарани оширишга чақирди. Шу билан бирга, Вакиллар палатасини назорат қилувчи республикачилар бюджет харажатларини камайтирмасдан уни оширишдан бош тортди. 

Давлат қарзи чегараси бўйича муроса

29 май куни Байден ва Вакиллар палатасининг ўша пайтдаги спикери Кевин Маккарти муросага келди ҳамда июн ойида Байден 2025 йил 2 январгача қарз чегарасини ошириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ушбу санага қадар чеклов тўхтатиб турилади. Оқ уй давлат қарзи бўйича келишув Украинага ёрдамга таъсир қилмаслигига ишонтирди. 

Конгрессменлар 19 январ ва 2 февралгача бўлган муддатда бир қарорга келиш учун келаси ҳафтада бюджет харажатлари бандларини муҳокама қилиш мақсадида таътилдан қайтади. Қонун чиқарувчилар, шунингдек, Украина ва Исроил учун янги ёрдам пакетларини қабул қилишга умид билдириб, агар керак бўлса, уларни Америка чегараларини ноқонуний муҳожирлардан ҳимоя қилиш учун сарфланадиган харажатлар билан боғлаб қўймоқчи.

Мавзуга оид