Навоийда масжиддаги эҳсон қутиларидан қарийб 5 млн сўм ўғирлаб кетилди
Олиб борилган тезкор суриштирув тадбирларида бу ишни 27 ёшли йигит қилгани аниқланиб, у қўлга олинган.
Кармана туманида масжиддаги эҳсон қутиларидан пул ўғирлаган йигит ушланди. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ўғирликни Нурота туманида яшовчи 27 ёшли йигит қилган. У 2023 йил 9 декабр куни тунда Кармана тумани марказидаги Қосим-Шайх масжидига панжара оша кириб, у ердаги 5 дона эҳсон қутисини бузиб очган ҳамда ичидаги пулларни олиб кетган.
Йигитдан эҳсон қутиларидан ўғирланган 4 млн 669 минг сўм пуллар ҳамда далилий ашёлар расмийлаштириб олинган. Ўтказилган суриштирув тадбирлари давомида йигит 2023 йилнинг 25 ноябридан 9 декабригача Нурота ва Кармана туманларидаги бир нечта масжидда эҳсон қутиларидан пулларни ўғирлаб келгани маълум бўлган.
Олдинроқ Фарғонада ҳам эҳсон қутиларини ўғирлаш билан шуғулланган гуруҳ ушланганди.