Жаҳон | 18:22 / 04.01.2024
7389
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларнинг «учинчи босқичи» бошланганини эълон қилди 

Бу босқич бомбардимон қилиш интенсивлигини камайтириш ва Ғазодаги қўшинлар сонини қисқартиришни ўз ичига олади. 

Фото: Anadolu Agency

Исроил армияси қамалдаги Ғазо секторининг бир қатор ҳудудларида жанговар ҳаракатларнинг «учинчи босқичини» бошлади. Исроил давлат телеканали KAN хабарига кўра, учинчи босқичга оз сонли ҳарбийлар жалб этилган. 

Қайд қилинишича, Ғазо шаҳри шарқидаги Ад-Дарож ва Ат-Туффаҳ ҳудудларида давом этаётган интенсив ҳарбий амалиётлар келаси ҳафта бошида якунланади. 

Аввалроқ, Исроил армияси радиостанцияси сўнгги бир неча кун ичида Ғазода Исроил қўшинлари сони камайгани ҳақида хабар берган эди. 

Исроил матбуоти хабарларига кўра, «учинчи босқич» интенсив бомбардимондан чекланган бомбардимонларга ўтишни ва Ғазо секторидан кўпчилик қўшинларни олиб чиқишни назарда тутади. 

Исроил армияси «учинчи босқич»га ўтгани бўйича расман баёнот бермади. Бироқ, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини, жумладан, қўшинларни қисқартираётганини ҳисобга олган ҳолда, бу босқич аллақачон бошланганини айтиш мумкинлиги таъкидланмоқда. 

Фаластин тарафи маълумотларига кўра, 7 октябр куни бошланган можародан бери, исроилликларнинг Ғазо ҳудудларини бомбардимонлари оқибатида 22,3 минг киши ҳалок бўлди, 57 мингдан ортиғи жароҳат олди. 

Исроил расмийлари ўз қурбонлари сони 1200 нафарга яқинлашгани ҳақида хабар берди.

Мавзуга оид