Жаҳон | 19:53 / 04.01.2024
23014
31 дақиқада ўқилади

2023 йилги Украина даҳшатлари. Урушнинг муҳим 10 палласи суратларда

Йил тугади, лекин ҳарбий ҳаракатлар эмас — ва фронтда ҳамон фоторепортёрлар ишлашда давом этди. Улар ҳаётини хавф остига қўйиб, у ерда бўлаётган воқеаларни бутун дунёга кўрсатмоқда.

Киевдаги Авлиё Михайлов Златоверхий олтин гумбазли соборига кираверишда ҳалок бўлган ватан ҳимоячилари учун ўрнатилган ёдгорлик девори.  2023 йил 8 май
Celestino Arce Lavin / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

2022 йилда бўлгани каби 2023 йилда ҳам «Медуза» фотомуҳаррирлари Россия-Украина уруши дунёни қандай ўзгартириб юборганини тушунишга ёрдам берувчи кадрларни танлаб, эълон қилиб келди. Бу жамланмаларда фронт чизиғидаги қўрқинчли ва оғриқли тасвирлар ҳам, ҳаёт давом этаётганини кўрсатувчи умидбахш кадрларни ҳам кўриш мумкин. Қуйида якунланаётган 2023 йилнинг Украинадаги урушга оид асосий кадрлари келтирилади — уларда Бахмут учун оғир жанглар, Россия қўшинининг Грозага даҳшатли зарбаси (бу ерда қишлоқнинг ҳар олтинчи аҳолиси қурбон бўлган) ва урушнинг иккинчи йилидаги ёдда қоларли бошқа асосий воқеалар ҳужжатлаштирилган.

Днипро, Киев, Лвив ва Украинанинг бошқа шаҳарлари бўйлаб қишки зарбалар

Киев аҳолиси вакили ракета зарбаси қурбони бўлган рафиқаси жасади устида. Россия қўшини 2022 йилнинг сўнгги кунида ҳам Киевга ракета ва дронлар билан ҳужум қилганди. Ҳужум оқибатида 20 киши жароҳат олиб, бир аёл ҳалок бўлганди . «Россия Янги йил байрам дастурхони — бу Украинада вайрон бўлган уйлар кадрлари, Киевнинг Соломенск районида ракета парчаларидан ҳалок бўлган инсонлар ҳақидаги янгиликлардан иборат», — дея изоҳлаганди ҳодисани Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко. 2022 йил 31 декабр
Roman Hrytsyna / AP / Scanpix / LETA
Лвивда электр энергия ўчиши. 2023 йил бошида Россия қўшинлари зарбалари оқибатида Лвив ва Украинанинг бошқа шаҳарларида ҳар куни 8 соатдан 16 соатгача свет режа бўйича ўчириларди — муддат энергия тизимидаги вазиятга боғлиқ эди. 2023 йил 12 январ
Pavlo Palamarchuk / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Киевдаги ҳайвонот боғи ходими электр режали ўчирилиши вақтида Тони лақабли 48 ёшли гориллани иситиш учун печкага ўт ёқмоқда.​​​​2023 йил 31 январ
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Днипродаги қутқарув амалиётининг юқоридан кўриниши. 14 январ кунги зарба Украинада 2022 йил июнидан буён фуқаролик объектига қилинган энг вайронкор ҳужум бўлди, ўшанда Кременчугдаги «Амстор» савдо марказига ракета келиб тушганида. Днипрода ракета 9 қаватли уйга келиб урилиши оқибатида 45 киши ҳалок бўлган, шундан 6 нафари болалар; шунингдек 80 киши жароҳатланган, шундан — 16 нафари болалар. 2023 йил 14 январ
Wojciech Grzedzinski / The Washington Post / Getty Images
Днипрода яшовчи 38 ёшли Надя Ярошенко россияликлар ракетасидан вайрон бўлган уй ҳовлисида ўз мушугини қидирмоқда. Қўрқиб кетган жонивор уни вайроналар орасидан олиб чиқиб, эгасига топширмоқчи бўлган қутқарувчиларга тутқич бермаган, 14 январ
Roman Hrytsyna / AP / Scanpix / LETA
Днипрода Россия зарбасидан вайрон бўлган тўққиз қаватли уйдаги квартиралардан бирининг ошхонаси. 2023 йил 15 январ
Yan Dobronosov / Reuters / Scanpix / LETA
6 март куни кечқурун РФ армияси Донецк областидаги Константиновка шаҳрини ўққа тутди, зарба оқибатида газ трубаси шикастланган; ёнғин бошланган. Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Олексий Рослов жабрланганлар йўқлигини маълум қилган. Константиновка Донецкдан тахминан 80 километр шимолда жойлашган. 2023 йил 6 март
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украин ҳарбийлари прожекторлар ёрдамида осмондан россияликлар дронларини қидирмоқда. 2022 йил 31 декабрдан 2023 йил 1 январга ўтар кечаси
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Бахмут учун жанг

Қарийб бир йил давомида — 2022 йил ёзидан 2023 йил баҳори охиригача — Донецк областининг Бахмут шаҳри урушнинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб турди. Област ҳарбий маъмуриятининг 2023 йил бошидаги маълумотига кўра, Бахмутнинг 60 фоиздан ортиқ қисми вайрон бўлганди, май ойига келиб, шаҳар рус қўшини томонидан эгалланганида — амалда тўлиқ вайронага айланди. Бахмут атрофида ҳамон жанглар давом этмоқда: РФ армияси бу йўналишда юриш қилмоқда, украин қўшини мудофаа позицияларига ўтган.

Украин ҳарбийлари Бахмутдаги Бахмутка дарёсини тагликлардан ясалган қўлбола кўприк орқали кечиб, олдинги позициялардан қайтмоқда. 2023 йил 29 январ
Marek M. Berezowski / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украиналик ҳарбийлар боғланган россиялик асирни сўроқ қилмоқда. 2023 йил 12 январ
D​iego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украиналик ҳарбий врачлар дала ҳоспиталида ярадор ҳарбийни операция қилмоқда. 2023 йил 9 январ
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украина вертолёти Бахмут осмонида. 2023 йил 17 январ
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
«Вагнер» ХҲК жангчилари жанглар вақтида вайрон бўлган уй ёнидан ўтмоқда. Бахмут учун жангларда Россия томонидан асосан «вагнерчилар» иштирок этди: 18 мартга келиб улар шаҳарнинг 70 фоизга яқин қисмини назорат қилаётганди, май ойи ўрталарига келиб украин гарнизони шаҳарни тўлиқ тарк этди. 2023 йил 25 март
Вайронага айланган Бахмутнинг кўриниши. Вагнерчилар раҳбари Евгений Пригожин май ойи ўрталарида шаҳар тўлиқ эгаллангани ҳақида эълон қилганди. 2023 йил 27 май

РФ ҳамда аннексия қилинган Қрим ҳудудларига ҳужумлар ва диверсиялар 

Петербургдаги Street Food Bar № 1 кафеси яқинида турган полициячилар, бу ерда 2 апрел куни портлаш оқибатида ҳарбий мухбир Владлен Татарский (ҳақиқий исми-шарифи — Максим Фомин) ҳалок бўлганди. Теракт бўйича ишда айбланиб 26 ёшли Даря Трепова қўлга олинган. Тергов версиясига кўра, у кафега ичига портловчи қурилма ўрнатилган гипсдан ишланган ҳайкалчани олиб келган ва Татарскийга тутқизган. Трепова 30 йилга умумий тартибли колонияга қамалиши мумкин. 2023 йил 2 апрел
Анатолий Малцев / EPA / Scanpix / LETA
Кремлга 3 майга ўтар кечаси амалга оширилган дронлар ҳужуми оқибати. Биринчиси Сенат саройи гумбази устида, иккинчиси — қарийб 16 дақиқа ўтиб қарийб шу нуқтада портлаган. Россия ҳукумати дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилганини билдирди ва ҳужумда Киевни айблади — лекин бу ҳақда фақат ҳужумдан кейинги кун ўрталарига келиб эълон қилинди. Украина ҳукумати ҳужумга алоқадорлигини рад этган. 2023 йил 3 май
Sefa Karacan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Таркиби россиялик кўнгиллилардан иборат экани айтиладиган «Рус кўнгиллилар корпуси» Белгород областининг чегарадаги «Грайворон» назорат-ўтказиш пунктига ҳужумдан кейин. 22 май тонгида Украина разведкаси билан ҳамкорлик қилувчи «корпус» жангчилари Грайворонга ва қўшни Козинка қишлоғига кириб келганди. Кейинроқ Россия қўшини рақибни Украина ҳудудига чекинтиради. 2023 йил 23 май
Канал РДК в Telegram / Reuters / Scanpix / LETA
«Рус кўнгиллилар корпуси» жангчилари «Грайворон» назорат-ўтказиш пунктида. 22 май куни Белгород областида аксилтеррор амалиёти режими жорий этилади — роппа-роса бир кундан кейин у бекор қилинади ва регионга кириб келган диверсантлар «ўраб олингани ва тор-мор этилгани» маълум қилинади. Губернатор Вячеслав Гладков ҳужум вақтида тинч аҳоли вакиллари бўлган 12 киши яралангани ва икки киши ҳалок бўлганини айтганди. 2023 йил 23 май
РКК Telegram-канали / Reuters / Scanpix / LETA
Симферопол — Севастопол темирйўлининг аннексия қилинган Қрим ҳудудидан ўтган участкасида издан чиқиб кетган вагонлар. 18 май тонгида Боғчасарой яқинидаги темирйўлда (бошқа манбаларга кўра — Чистенке қишлоғи яқинида) портлаш рўй бериб, 50 метр масофадаги темирйўл кўтармасига шикаст етказади. Натижада дон ортилган саккиз вагон релсдан чиқиб кетади, шундан бештаси ағдарилади. Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган. 2023 йил 18 май
Reuters / Scanpix / LETA
Қримдаги Киров районида жойлашган полигонда 19 июлга ўтар кечаси ёнғин бошланади. Ҳудуднинг Кремл томонидан тайинланган раҳбари Сергей Аксенов ёнғин сабабини очиқламаган. Ўша куни маҳаллий расмийлар полигон атрофида жойлашган тўртта қишлоқ аҳолисини — икки мингдан ошиқ кишини эвакуация қилади. 2023 йил 19 июл
Reuters / Scanpix / LETA
Москва-Сити бизнес марказида дронлар зарбасидан шикастланган «Око-2» биноси. 30 июлга ўтар кечаси иккита дрон «IQ-квартал» ва «Око-2» биноларига урилганди — портлаш оқибатида икки минорадан ҳам бир неча қаватларнинг ойналари тўкилиб тушган. Маҳаллий ҳукумат жабрланганлар ҳақида расман хабар бермаган, аммо фавқулодда хизматлар «Око-2»да қўриқчи яраланганини маълум қилган. Шаҳар мэри Сергей Собянинга кўра, дронлар украинларники бўлган. Кремлдагилар бу борада тўхталмаган. Украина президенти офиси ҳам ҳужумга алоқадорлигини тасдиқламаган. 2023 йил 30 июл
Александр Неменов / AFP / Scanpix / LETA
Новгород областидаги ҳарбий аэродромда рўй берган ёнғин. 19 август куни дрон аэродромга ҳужум қилиб, битта самолётга шикаст етказганди. Жабрланганлар бўлмаган. Кейинги куни «Сирена» нашри ўқувчиси томонидан юборилган тасвирни намойиш этган, унда Россиянинг товуш тезлигида ҳаракатланувчи, Ту-22М3 русумли стратегик ядровий бомбардимончиси ёнаётгани акс этган (бундай самолётлар Украина билан чегарадан 700 километр масофадаги мазкур аэродромда бўлгани тасдиқланган). 2023 йил 19 август
Ukraine Weapons Tracker / Twitter

Каховка ГЭСдаги портлаш

6 июн тонгида Херсон областининг оккупация қилинган Нова Каховка шаҳри ҳудудида жойлашган Каховка ГЭСда портлаш рўй беради: Каховка сув омборидаги сув назоратсиз чиқа бошлайди ва Днипронинг қуйи оқими бўйлаб ҳаракатланади. Экспертларга кўра, портлаш гидро электр станция ичкарисида рўй берган. Бу Россиянинг Украинага босқини давридаги энг вайронкор оқибатларга эга бўлган фалокатлардан бири эди.

7 июн тонгига келиб Херсон области ҳудудида беш мингга яқин уй сув остида қолади. Днипро дарёсининг сўл соҳилида, оккупация қилинган ҳудудда жойлашган Нова Каховка ва Алешки шаҳарларини тўлиқ сув босади. Ҳудуднинг Москва томонидан тайинланган раҳбарияти эвакуация эълон қилади, аммо бу жараён муваффақиятсизликка учрайди, бундан ташқари кўнгиллилар аҳолини қутқаришига тўсқинлик қилинади. Июн ойи охиридаги маълумотларга кўра, Каховк ГЭСдаги портлашдан кейин юзага келган сув тошқини оқибатида камида 52 киши ҳалок бўлган.

Бундан ташқари, Нова Каховкада ҳайвонот боғини сув босган. Унинг ходимлари 300 га яқин жонивор нобуд бўлганини хабар қилишган. Россия томонидан тайинланган «мэр» Владимир Леонтев эса у ерда умуман жониворлар бўлмаганини айтган. Сув омборининг ўзида ҳам балиқлар ёппасига қирилиши қайд этилган. Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Киев ГЭСдаги фалокатни «Россия қўли билан юзага келтирилган экоцид» деб баҳолашини айтган. Ҳозирда Каховка сув омбори ва Днипро дарёси ўзани саёзлашиб қолган.

Каховка ГЭСнинг вайрон бўлган тўғони. 2023 йил 7 июн
AP / Scanpix / LETA
Нова Каховка 90 километр масофадаги Голая Пристан шаҳрида сув босган уйдан жасадни олиб чиқаётган коммунал хизмат ходимлари. 2023 йил 16 июн
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Херсонда яшовчи Татяна ўз итлари Цаца ва Чуней билан. 2023 йил 6 июн
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Херсоннинг сув босган ҳудудлари кўриниши. 2023 йил 7 июн
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Херсонда яшовчи Ирина қизи Любов билан эвакуация чоғида. Улар сув босган ҳудудлардан аҳолини эвакуация қилиш чоғида бошланган отишмадан яширинишга мажбур бўлишган. 2023 йил 6 июн
Felipe Dana / AP / Scanpix / LETA
Украин денгиз пиёдаларининг икки катери Херсон яқинидан ўтган Днипро дарёсида. 2023 йил 14 октябр
Alex Babenko / AP / Scanpix / LETA

Украинанинг РФ оккупацияси остидаги шаҳарлари бўйлаб зарбалар

Донецк области Волноваха шаҳри ўққа тутилиши вақтида ҳалок бўлган аёл жасади яқинидаги болалар. Волноваха — аннексия қилинган Донецкдан тахминан 50 километр жанубда жойлашган шаҳар. Донецкдан Мариуполга борувчи автомобил ва темирйўл маршрутлари Волноваха орқали ўтади. 13 март кунги ҳужумда маҳаллий расмийлар Украина қуролли кучларини айблаган. Фотосуратдаги аёл — Валентина Ковалдан ташқари — унинг 18 ёшли қариндоши Даниэлла ҳам ҳалок бўлган. 2023 йил 13 март
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Донецкнинг Буденнов районида украинлар зарбасидан кейин ёниб кетган ёнилғи цистерналари. «ДХР» маъмурияти раҳбари Денис Пушилин отишма оқибатида икки киши, жумладан ФВВ ходими ҳалок бўлгани, 12 киши яраланганини маълум қилган. «Известия» хабарига кўра, яраланганлар орасида нашрнинг уч нафар журналисти бор эди, шунингдек ТАСС фотокорреспонденти ҳам зарба берилган жойда бўлган. 2023 йил 31 октябр
Reuters / Scanpix / LETA
Донецк 6 апрел куни украинлар томонидан ўққа тутилишидан кейин. Шаҳар маъмуриятига кўра, Петровск ва Куйбишев районлари зарбага учраган. РИА Новости беш киши ҳалок бўлганини хабар қилган. «Интерфакс» РФ тергов қўмитасининг ҳудудий бўлимига асосланиб, тўққиз киши ҳалок бўлгани ва етти киши яралангани ҳақида ёзган. 2023 йил 6 апрел
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Донецк 30 ноябр куни ўққа тутилиши вақтида ракета зарбасидан шикастланган уйдаги қутқарувчи. РИА Новости маълумотига кўра, ҳужум вақтида маҳаллий аҳоли вакилларидан бири шикастланган. 2023 йил 30 ноябр
Валерий Мельников / Reuters / Scanpix / LETA
Донецкда 19 декабр куни украинлар ракетаси келиб тушган уй. «Известия» нашри ёзишича, зарба оқибатида уйнинг биринчи қаватидан тўққизинчи қаватигача газ трубаси ёниб кетган. Шаҳарнинг Кремл томонидан тайинланган мэри Алексей Кулемзин олти киши жабрланганини айтган. 2023 йил 19 декабр
Валерий Мельников / Коммерсант / SIPA USA / Scanpix / LETA

Евгений Пригожиннинг исёни

«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин 23 июн куни кечқурун исён кўтарганди. Хусусий ҳарбий компания бўлинмалари ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан Ростов-Донга киради. Пригожин ўз ёлланма жангчилари Москва томон «адолат марши» уюштиражагини маълум қилади. Тузилма пойтахт томон бир неча километр босиб ўтади, аммо 24 июн куни «ЛХР» ҳудудидаги «дала лагери»га қайтади. Пригожин Александр Лукашенко билан музокаралардан кейин шундай қарорга келганди, у ёлланма жангчиларни Беларусга «ўтиш»га таклиф қилган.

Роппа-роса икки ой ўтиб, 23 августда Пригожиннинг хусусий самолёти Твер областида ҳалокатга учрайди. Унинг бортида бўлган барча вагнерчилар, Евгений Пригожиндан ташқари командир Дмитрий Уткин ҳам ҳалок бўлади. Самолёт ҳалокати сабаби ҳамон маълум қилинмаган. 29 август куни Пригожинни Петербургдаги Порохов қабристонига дафн этишади. Пригожин Россия Қаҳрамони юлдузи билан тақдирланганига қарамай, маросим ҳарбий шараф амалларисиз ўтказилади.

Фақат октябр ойига келиб Владимир Путин «Валдай» дискуссия клубида Пригожиннинг ҳалокати юзасидан муносабат билдиради. У РФ тергов қўмитасига ҳавола қилган ҳолда, экспертлар қурбонларнинг жасадларида қўл гранатаси қолдиқларини топишганини айтади. Шу билан бирга, Путин қонда алкогол ёки наркотик моддалар борлигини текшириш бўйича экспертиза ўтказилмаганини айтади. Унинг фикрича, «компаниянинг Петербургдаги қароргоҳида ўтказилган тинтувда ФХХ нафақат 10 миллиард рубл миқдоридаги нақд пулларни, балки беш килограмм миқдордаги кокаин моддасини топгани» туфайли ҳам шундай экспертиза ўтказиш лозим эди.

1 ноябр куни Россия шаҳарларида Росгвардия таркибига ўтказилган, Павел Пригожин (Евгений Пригожиннинг ўғли ва унинг ягона меросхўри) бошқарувидаги «Вагнер» ХҲК учун ёллаш бошланди.

«Вагнер» ХҲК жангчилари Ростов-Дондаги Жанубий ҳарбий округ штабида. 2023 йил 24 июн
«Вагнер» ХҲК танки Жанубий ҳарбий округ штаби рўпарасида жойлашган Ростов цирки дарвозасида. 2023 йил 24 июн
AFP / Scanpix / LETA
Москва чеккасидаги блокпостлардан бирида БТР ва полиция автомобили. 2023 йил 24 июн
AP / Scanpix / LETA
Исён вақтида Путин россияликларга шошилинч мурожаат қилади. Унда у Пригожинни (номи билан атамасдан) «сотқинлик» ва «хиёнат»да айблайди. Шунингдек Путин ҳарбий давлат тўнтаришига уринишда қатнашганлар мамлакатда нифоқ қўзғаётгани ва бунинг учун жазоланишини айтади. Унинг мурожаати мамлакатнинг турли шаҳарлари кўчаларидаги катта экранларда жонли трансляция қилинади. 2023 йил 24 июн
Александр Земляниченко — младший / Xinhua / ZUMA Press / Scanpix / LETA
Ростовликлар исён тугагач шаҳардан кетаётган Евгений Пригожин билан суратга тушмоқда. 2023 йил 24 июн
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Твер областида Пригожиннинг самолёти ҳалокатга учраган жой. 2023 йил 23 август
@grey_zone / Telegram / AFP / Scanpix / LETAnpix / LETA

Краматорск, Киев, Одесса ва Украинанинг бошқа шаҳарлари бўйлаб ёзги зарбалар

Россиянинг Краматорскка 27 июн кунги зарбасидан кейин харобалар остида қолиб кетган аёлни олиб чиқиш йўлини қидираётган қутқарувчилар. Ўша куни ракеталар шаҳар марказидаги пиццерияга ва хусусий секторга тушиши оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 12 киши ҳалок бўлган ҳамда 60 дан ортиқ киши яраланганди. 2023 йил 27 июн
Wojciech Grzedzinski / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Россияликлар дрони парчаси тушган уйи атрофидаги кўчада турган ярадор киевлик. РФ дронларининг Украина пойтахтига кўп сонли ҳужумларидан бири 30 май куни рўй берганди. Ўшанда бир киши ҳалок бўлиб, яна 13 киши яраланган. 2023 йил 30 май
Pablo Petrov / Украина ФВДХ матбуот хизмати / Reuters / Scanpix / LETA
Россия қўшинлари Киевга йўллаган навбатдаги зарбалар оқибатида ҳалок бўлган аёлнинг жасади устидаги яқини. Украина ҳукуматига кўра, 1 июнга ўтар кечаси амалга оширилган ҳужум камида уч кишини ҳаётдан олиб кетган, қурбонларнинг икки нафари она ва бола эди. Камида ўн киши яраланган. 2023 йил 1 июн
Roman Pilipey / Getty Images
Одесса Спасо-Преображенский собори меҳроб тўсиғидаги вайронгарчилик. Ибодатхонанинг меҳроб жойлашган шарқий қисмида энг жиддий вайронгарчиликлар қайд этилган. Ўша куни шаҳарда жами 43 бино, жумладан 29 та маданий мерос ёдгорлиги зарбага учраган. Тинч аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлиб, 21 киши яраланган. 2023 йил 23 июл
Libkos / AP / Scanpix / LETA
7 август куни Донецк областининг Покровск шаҳри ўққа тутилиши вақтида оғир яраланган маҳаллий аҳоли вакилига тез тиббий ёрдам кўрсатилиши. Покровск марказига зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакиллари бўлган ўн киши ҳалок бўлиб, 80 дан ортиқ киши яраланган
Staniskav Krupar / EPA / Scanpix / LETA

Украинанинг қарши ҳужуми

Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми 2023 йил ёзининг илк кунларида бошланганди. Экспертлар Украинанинг бу юришдан асосий мақсади — Қримга қуруқлик йўлагини кесиб қўйиш бўлганини айтганди. Лекин россияликлар қарийб бир йил давомида тайёрлаган мустаҳкам мудофаа чизиғи туфайли украинларнинг қарши ҳужуми осон кечмаслиги олдиндан маълум эди.

Қарши ҳужумнинг илк ҳафталарида украин қўшини Донецк ва Запорижжя областлари чегарасидаги тўрт қишлоқни — Макаривка, Блаҳодатне, Нескучне ва Сторожевени озод этади. Украина ҚКнинг асосий йўналиш — Запорижжя области марказида, Орихив шаҳридан жанубда бошланган юриши эса у қадар муваффақиятли чиқмайди.

Ноябр ойи бошларида Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний The Economist билан суҳбатда фронтдаги вазият икки томон учун ҳам боши берк кўчага кириб қолганини айтди ва вазиятни Биринчи жаҳон уруши давридаги позицион жангларга қиёслади. Володимир Зеленский аввалига вазият умидсиз эканини рад этди, аммо 1 декабр куни Украина «исталган натижаларга эриша олмагани»ни тан олди. Унинг сўзларига кўра, Киев иттифоқчилардан барча зарур қуролларни ололмаган, Украина қўшинлари чекланган миқдордалиги тезкор юриш олиб боришга имкон бермаган.

Донецк областининг шаҳар типидаги Ню-Йорк посёлкаси атрофида кўтарилган тутун. Урушга қадар ушбу посёлкада қарийб ўн минг киши яшаган, ҳозир бу ерда мингга яқин одам қолган. Бу ердан фронт чизиғига қадар масофа бир километр ҳам чиқмайди ва Россия қўшинлари томонидан мунтазам равишда ўққа тутилади. 2023 йил 9 август
Wojciech Grzedzinski / Anadolu Agency/ABACAPRESS/ddp images / Vida Press
УУкраиналик ҳарбий Донецк областининг Украина ҚК қарши ҳужумнинг илк даврида, июн ойи ўрталарида озод этган Нескучне қишлоғида. 2023 йил 13 июн
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Бу кадр полшалик фотосуратчи Войцех Гжедзинский АҚШ томонидан украин қўшинига берилган Humvee армия фургони ичидан туриб олинган. У фронт яқинидаги Орихив шаҳри ва Новоданиловка қишлоғи (Запорижжя области) кўчалари бўйлаб ўтган ҳамда жанглар ва отишмалардан қолган вайронгарчиликларни камерасига муҳрлаган. 2023 йил 14 сентябр
Wojciech Grzedzinski / The Washington Post / Getty Images
Блаҳодатне қишлоғидаги Маданият саройида ҳалок бўлган россиялик аскар жасади, бу қишлоқ Нескучне каби июн ойи ўрталарида озод этилган. 2023 йил 16 июн
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Россияликларнинг Ка-52 «Аллигатор» вертолётлари Запорижжя областида. Танкка қарши «Вихр» ракеталари билан қуролланган Ка-52 вертолётлари украинлар қарши ҳужумини қайтаришдаги асосий воситалардан бири бўлди. 2023 йил 26 июн
Украиналик ҳарбийлар Краматорскдан 22 километр масофада жойлашган Торске посёлкасига олиб борувчи йўлда ёниб кетган ҳарбий техника олдидан ўтмоқда. Россия қўшини Торскени 2023 йил июлида эгаллаган, Украина ҚК бу ерни 2022 йил октябрда озод этган. 2023  йил 15 август
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Запорижжя областидаги уй ҳовлисида танк гусеницаси. 2023 йил 7 сентябр
Pierre Crom / Getty Images
«Молот» чақирув белгили украин аскари Запорижжя областидаги окопда. «Молот» жангда оёғини йўқотган, аммо протез билан фронтга қайтган. 2023 йил 1 июл
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Гроза қишлоғига зарба

Харкив области Купянск шаҳри яқинидаги Гроза қишлоғига 5 октябр куни Россия ракетаси учиб келди, зарба нишони бўлган кафеда бу вақтда маҳаллий аҳоли вакиллари украиналик ҳарбий Андрей Козирнинг жанозасига тўпланганди. У 2022 йил май ойида Луҳанск областининг Попасная шаҳри учун жанглар чоғида ҳалок бўлганди. Уни аввалига Днипропетровск областига дафн этишган — чунки Гроза 2022 йил сентябрига қадар Россия оккупацияси остида бўлган. 2023 йил октябрида оила уни туғилиб ўсган қишлоғига қайтадан дафн этишга муваффақ бўлади.

Жаноза маросими Андрей Козирнинг ўғли Денис томонидан ташкиллаштирилганди — у ҳам Украина қуролли кучлари ҳарбийси бўлган. У кафега 60 чоғли қишлоқдошларини таклиф этади. Сўнгги маълумотларга кўра, 5 октябр куни қишлоқда 59 киши ҳалок бўлган — Грозада эса ракета зарбасига қадар жами 330 киши яшаган. Россия ҳужуми қурбонлари орасида — Денис Козирнинг ўзи, унинг рафиқаси Нина ва онаси ҳам бўлган.

Грозада ҳужумга учраган кафе олдидаги майдонда қурбонларнинг жасад қолдиқлари. 2023 йил 5 октябр
Vyacheslav Madiyevskyy / Reuters / Scanpix / LETA
Грозада ҳалок бўлганлардан бири. Ёзувда унинг исми. 2023 йил 5 октябр
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA
Гроза аҳолиси вакили ҳалок бўлган қариндошининг жасади устида. 2023 йил 5 октябр
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA
Гроза қишлоғида янги қабрлар қазилган ҳудуд. Олдинги пландаги табличкада Пантелеевлар оиласининг ракета зарбаси қурбонига айланган тўрт вакилининг исмлари келтирилган. 2023 йил 6 октябр
Yakiv Lyashenko / EPA / Scanpix / LETA

Россиянинг Донецк областидаги янги юриши

Авдийивка — оккупация остидаги Донецк яқинида, Украина назоратида қолган шаҳар — 2023 йилда урушнинг энг қайноқ нуқталаридан бирига айланди (лекин бу ерда жанглар 2014 йилдан буён тинмаган). Қишда Россия қўшини Авдийивка томон ҳужум бошлаган ва мартга келиб шаҳар ярим қуршов ҳолатида қолганди. Октябр ойи бошларида РФ армияси Авдийивкани тўлиқ қуршаб олиш учун яна ҳужум бошлади. Шаҳар учун фаол жанглар ва авиазарбалар ҳамон давом этмоқда. Украина қуролли кучлари бу ерга Орихив ва Бахмут йўналишидан қўшимча кучлар олиб келишга мажбур бўлган. Украинлар юриши шу билан тўхтаб қолган.

Донбассда 2023 йилда қақшатқич жанглар кечган яна бир шаҳар — Донецк чеккасидаги Марйинка шаҳри бўлди. Авдийивка каби Марйинка ҳам 2014 йилда фронт ёқасидаги шаҳарга айланганди — ва 2023 йил мартига келиб у тўлиқ яксон этилди. 2023 йил мобайнида шаҳарнинг катта қисми Россия армияси назоратига ўтди. 25 декабр куни эса РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу Марйинка тўлиқ эгаллангани ҳақида маълум қилди. Эълон қилинган видеоларга кўра, Россия қўшини чиндан ҳам Марйинканинг шу вақтгача украинлар қўлида бўлган жануби-ғарбий ва шимолий-ғарбий чеккаларига кирган.

Лиман яқинидаги далага ўрнатилган мина — бу оккупация остидаги Донецкдан тахминан 100 километр шимолда жойлашган муҳим транспорт тугунидир. 2022 йил майида РФ қўшини Лиманни эгаллаганди — Украина ҚК уни ўша йил 1 октябрида ўз назоратига қайтаради. 2023 йил 27 феврал
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
17 март куни Авдийивкага ҳужум вақтида ёниб кетган уй ёнида зарбалардан яширинаётган украин аскари. Ўша куни Россия қўшини Авдийивкага тўртта авиабомба ташлаганди. Илк бор сунъий йўлдош сигнали орқали йўналтириладиган авиабомбалар қўлланганди. Қурбонлар бўлмаган. 2023 йил 17 март
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбийлар ва кўнгиллилар Авдийивкадаги ташландиқ фермадан отларни эвакуация қилмоқда. 2023 йил 25 апрел
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Украина ҚКнинг Бахмут атрофидаги позициясида эвакуация қилинишини кутаётган аскар. Украинанинг Бахмут атрофидаги қарши ҳужуми ҳам муваффақият келтирмади. 2023 йил 4 сентябр
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Украина ҚК 58-механизациялашган бригадаси жангчилари Вуҳледар атрофидаги позицияда M113 зирҳли транспортёрида кетмоқда — бу оккупация остидаги Донецкдан 50 километр жануби-ғарбда жойлашган шаҳар. Вуҳледар учун шиддатли жанглар 2022 йил мартида бошланган ва у ҳамон Украина назоратида қолмоқда. Ноябр ойи бошида Россия қўшини Вуҳледарни қўлга киритишга яна бир бор уриниб кўрди, аммо оғир йўқотишларга учраб чекинди.
Andre Alves / Anadolu / ddp / Vida Press
Лиман йўналишида украинлар позицияларига 2А65 «Мста-Б» гаубицасидан ўт очаётган россиялик ҳарбийлар. 2023 йил 18 ноябр
Станислав Красилников / Спутник / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA
Украина ҚК махсус бўлинмаси жангчилари лақаби «Курт» бўлган ҳарбий хизматчи қўмондонлигида куннинг қоронғи вақтида гранатомётдан россияликларнинг Бахмут атрофидаги позициясини ўққа тутмоқда. 2023 йил 3 ноябр
Kostya Liberov / Libkos / Getty Images
Донецк чеккасидаги Марйинка шаҳри вайроналари. 2023 йил 11 май. Шаҳар харобалари декабр ойи охирига келиб РФ ҚК томонидан тўлиқ эгалланди
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид