АҚШ ҲАМАС ҳомийлари ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилди
Қўшма Штатлар Судан ва Туркиядан бўлган бир неча кишини ҲАМАСни молиялаштиришда воситачи деб билади ва улар ҳақида маълумот тўпламоқда.
АҚШ Давлат департаменти «ҲАМАС ташкилотининг молиявий механизмларини йўқ қилишга олиб келадиган» маълумот учун 10 миллион долларгача мукофот таклиф қилди. Бу ҳақдаги хабар АҚШ Давлат департаменти расмий сайтида 6 январ, шанба куни пайдо бўлди, аммо таклифнинг ўзи декабр ойи ўрталаридан бери амалда.
Идора гуруҳ аъзолари ва ҲАМАС сармоя тармоғининг бир қисми деб атайдиган беш киши ҳақидаги маълумотларга қизиқмоқда. Давлат департаменти Абдулбосит Ҳамза Элҳасан Хайр исмли шахс ҳақида батафсил маълумот тақдим этди. Департаментга кўра, у Суданда яшовчи, гуруҳнинг «инвестицион портфелидаги кўплаб компанияларни» бошқарган, шунингдек, раҳбариятига деярли 20 миллион доллар ўтказишда шахсан иштирок этган ҲАМАС молиячиси. Давлат департаменти қайд этишича, Абдулбосит Ҳамза Элҳасан Хайр, шунингдек, «Ал-Қоида» ва Усама бин Лодинга алоқадор компаниялар билан узоқ йиллик молиявий алоқаларга эга.
Баёнотда санаб ўтилган қолган уч киши - Амир Камол Шариф Алшава, Аҳмад Саду ва Валид Муҳаммад Мустафо Жадаллоҳ. АҚШ Давлат департаментига кўра, уларнинг барчаси Туркияда истиқомат қилади ва ҲАМАС сармоя портфелига кирувчи компанияларга эга.
Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Муҳаммад Аҳмад Абдулдаим Насруллоҳ исмли шахс ҳақида маълумот қидирмоқда - у Эрон ташкилотлари ва ҲАМАС ҳарбий қаноти - «ал-Қассам бригадалари»ни молиялаштириш билан алоқадор.
«Адолат учун мукофот» дастурига кўра, Давлат департаменти ҲАМАСнинг молиялаштириш занжирини бузишга ёрдам берадиган бу ва бошқа шахслар ҳақидаги маълумот учун 10 миллион долларгача пул таклиф қилмоқда.
ҲАМАСга криптовалюталар ёрдамида ҳомийлик қилиниши айтилади
АҚШ Молия вазирлиги 7 октябр куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кўп ўтмай, гуруҳни молиялаштиришга қарши курашиш учун халқаро коалиция тузишга чақирди. Коалицияга нафақат Қўшма Штатларнинг анъанавий иттифоқчилари, балки бутун дунё мамлакатларини жалб қилиш таклиф қилинди.
АҚШ Молия вазирлиги вакили криптовалюталарни ҲАМАС молиялаштириш занжирларини кузатишдаги энг катта муаммолардан бири деб атади. Гуруҳ, бошқа ташкилотлари сингари, узоқ вақтдан бери ғарб санкциялари остида бўлган, бироқ 2021 йил августидан 2023 йилнинг июнига қадар криптовалютада 41 миллион евро олган. Исроилга ҳужумда унга қўшилган Фаластин гуруҳи яна 93 миллион долларни криптовалютада олгани айтилади.
Германия ҳам ҲАМАС молиялаштирилишидан ташвишда
ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг Германияда Фаластин ҳудудларини немислар томонидан молиялаштириш борасида мунозаралар бошланиб кетди. Танқидчилар Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) раҳбари Маҳмуд Аббос гуруҳ тарафини олгани, шунинг учун унинг маъмуриятига ёрдам беришни тўхтатиш кераклигини таъкидлади. Шу билан бирга, Фаластин ҳудудлари ҳар йили биргина Германиядан 50 миллион еврогача тўғридан тўғри молиявий ёрдам олади.
2023 йил ноябр ойи бошида Германияда ҲАМАС ҳамда Фаластинни озод қилиш халқ фронти (ФОХФ) сўл қанотига яқин бўлган «Самидун» гуруҳи фаолияти тақиқланган эди. Терговчиларнинг айтишича, Германияда «Самидун» бўлими ҲАМАС ташвиқотини тарқатган. Бу, ўз навбатида, ҳамасчиларга яширин транзакциялар тизими орқали вакилларга хусусий равишда пул ўтказиши мумкин бўлган тарафдорларини жалб қилиш имконини берди.