Жаҳон | 08:01 / 08.01.2024
6250
3 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат котиби - Ғазо секторига тинч аҳолини қайтариш тарафдори

Ғазо секторида тинч аҳолига чиқиб кетиши учун босим ўтказиб бўлмайди, дейди Энтони Блинкен. АҚШ давлат котиби Исроилга секторда тинч аҳолини яхшироқ ҳимоя қилиш зарурлигини билдирмоқчи.

Фото: Evelyn Hockstein / Reuters

Ғазо секторидаги тинч аҳоли шароитлар яратилгач, уйига қайтиши керак. Бу ҳақда 7 январ, якшанба куни Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди. Бу минтақа тинч аҳолисига уни тарк этиши учун босим ўтказиш қабул қилиниши мумкин эмас, деди дипломат. 

Ғазо секторидаги гуманитар вазият ёмонлашди, деди АҚШ ташқи сиёсат идораси бошлиғи Иорданияга ташрифи чоғида. Блинкен Исроилга бўлажак ташрифи чоғида расмийларга Ғазо секторида тинч аҳоли қурбон бўлишининг олдини олиш учун кўпроқ ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидламоқчи.

Шу билан бирга, АҚШ Давлат департаменти раҳбари минтақадаги «чуқур кескинлик»дан хавотир билдирди. Яқин Шарқ можароси «метастазалар» бериши ва «кўпроқ беқарорлик ва азоб-уқубатларга» олиб келиши мумкин, деб огоҳлантирди Блинкен.

Яқин Шарқдаги ғарб дипломатлари

АҚШ давлат котиби Яқин Шарқ бўйлаб сафари доирасида Иордан дарёси Ғарбий соҳили, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Мисрга ҳам ташриф буюради. Америка дипломатининг сафари ғарб давлатларининг можаро авж олиши олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлари фонида амалга оширилмоқда.

Худди шу кунларда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ҳам минтақада бўлиб турибди. Германия ташқи ишлар вазири аввалроқ Исроилни Ғазо секторидаги тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирган эди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 22 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид