Жаҳон | 14:20 / 08.01.2024
4726
3 дақиқада ўқилади

Бербок Исроилни Ғазодаги операция кўламини камайтиришга чақирди

Исроил армияси Ғазодаги тинч аҳолини ҳимоя этиш учун «кўпроқ ҳаракат қилиши» керак, деди Анналена Бербок. Шу билан бирга, Германия Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди, деди у.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Исроилни Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлар кўламини камайтиришга чақирди. Бербок 7 январ, якшанба куни Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац ва президент Ицхак Герцог билан Қуддусда бўлиб ўтган музокарадан сўнг: «кўплаб бегуноҳ одамларнинг азоблари шу тарзда давом эта олмайди, ҳарбий амалиёт камроқ кўламда ўтказилиши керак», деди.

Бербокнинг айтишича, Исроил армияси Ғазодаги тинч аҳолини ҳимоя этиш учун «кўпроқ ҳаракат қилиши» керак. «У жуда кўп фаластинликларга зарар етказмасдан, ҲАМАСга қарши курашиш йўлларини топиши керак», деди немис вазири. Анналена Бербок бир неча Исроил вазирлари томонидан илгари сурилган Ғазо секторидан фаластинликларни кўчириш ташаббуси бўйича огоҳлантирди. Ғазо «шубҳасиз» фаластинликларга тегишли, деди Бербок.

Бербок: Германия Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди

Шу билан бирга, Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Исроил ҳукуматини халқаро гуманитар ҳуқуқ доирасида Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш қонуний ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини билдирди. «Мамлакатингиз Исроилни ер юзидан йўқ қилмоқчи бўлган террорга қарши курашда бизнинг бирдамлигимизга ишониши мумкин», - дея таъкидлади Бербок. У ҲАМАС гуруҳини Исроилга ҳужумларни тўхтатишга ва барча гаровга олинганларни озод қилишга чақирди. «Агар ҲАМАС фанатик тарзда бу бемаъни курашни давом эттирмаганида эди, уруш аллақачон тугаган бўларди», дейди вазир. 

8 январ, душанба куни Анналена Бербок Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилига ташриф буюришни режалаштирмоқда. Ташриф доирасида Германия ташқи ишлар вазири исроиллик кўчманчилар зўравонлигидан жабр кўрган фаластинликлар билан учрашади. У «7 октябрдан бери кескин кучайган» ҳужумларни қоралади ва Исроил ҳукуматини фаластинликларни ҳимоя қилишга чақирди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 22 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид