Жаҳон | 00:38 / 10.01.2024
6099
2 дақиқада ўқилади

Блинкен Исроил мудофаа вазири билан Ғазо сектори жанубидаги вазиятни муҳокама қилди

Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан музокаралар ўтказди.

Фото: GPO

Учрашувда Исроил мудофаа кучларининг (ЦАҲАЛ) Ғазо сектори жанубидаги Хон-Юнис ҳудудида амалиётлар жадаллигини ошириш режалари муҳокама этилган. Исроил мудофаа вазирлиги раҳбарининг таъкидлашича, ҳудуддаги жанглар ҲАМАС ҳаракатининг бутун раҳбарияти топилмагунча ва гаровдаги исроилликлар уйига қайтмагунча давом этади.

Times of Israel газетасининг ёзишича, Блинкен билан учрашувда Исроил Мудофаа вазири «Эронга бўйсунувчи кучлар орқали амалга оширилган ҳужумлар» туфайли Яқин Шарқ минтақасидаги кескинликларга ҳам эътибор қаратган. «Эронга босимни кучайтириш керак, бу минтақада кескинлашувнинг олдини олиши мумкин», деган Йоав Галлант.

Вазир сўзларига кўра, ҳозир Исроилнинг устувор йўналиши сўнгги пайтларда Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши ҳарбий амалиётлар кучайган шимолий Исроил аҳолисини хавфсиз кўчиришдир.

8 январ куни ЦАҲАЛ матбуот котиби Даниэл Ҳагарий ҳам ҳарбийлар асосий эътиборни жанубий ва марказий ҲАМАС қўрғонларига, хусусан, Хон Юнис ва Дайр ал-Балоҳга қаратишни режалаштираётганини айтди. Шу билан бирга, у Ғазо секторидаги ЦАҲАЛ операциясининг жадаллиги пасайгани, бу эса аскарлардан камроқ фойдаланиш ва ҳаво ҳужумлари сонини камайтиришни назарда тутишини таъкидлади.

Мавзуга оид