Жаҳон | 12:30 / 11.01.2024
2495
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Вилнюсда ҳамкорларни ҲҲМ соҳасида Украинага ёрдам беришга чақирди

Украина президенти иттифоқчиларни Россия баллистик ракеталари билан муваффақиятли курашиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ўқ-дориларни кўпроқ етказиб беришга чақирди.

Фото: AP

Украина зудлик билан ҳаво мудофаа тизимларига муҳтож, деди Украина президенти Володимир Зеленский Вилнюсда 10 январ, чоршанба куни Литва президенти Гитанас Науседа билан қўшма матбуот анжуманида. «Мен ва ҳамкорларим (Украинада) яқин келажакда замонавий ҳаво мудофаа тизимларини ишлаб чиқара олмаймиз. Айнан у жуда етишмаяпти», - деди у.

Зеленский Россия декабр ойи охири ва январ ойининг биринчи кунларида Украинага бир қатор йирик ҳаво ҳужумларини амалга оширганини, жами 500 га яқин ракета ва учувчисиз учоқларни учирганини эслатди. Уларнинг 70 фоизга яқини уриб туширилган. «Мен (ҳаво ҳужумидан мудофаа) тўпламини миқдорий жиҳатдан бизга жуда зарур бўлган тизимлар билан мустаҳкамлашни истардим. Айнан тизимлар ва хусусан, Россия баллистикасига қарши курашадиган махсус ракеталар керак», - деди Украина президенти.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Вилнюсда имзоланган икки томонлама мудофаа соҳасида ҳамкорлик келишувлари Украинадаги қурол тақчиллигини камайтиришга ёрдам беради. Украина ўзининг учувчисиз учоқларини ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқда ҳамда Литва ва бошқа ҳамкорлар билан рус дронларига қарши курашиш имкониятлари бўйича келишувларга эришди, дея қўшимча қилди у.

Россия риторикаси унинг тўхтамаслигини, Украинани «тўлиқ эгаллаб олмоқчи» эканлигини кўрсатади, шунинг учун ҳамкорлар билан масалаларни тезкор ҳал этиш зарур, деди Зеленский. «Украинага молиявий ва мудофаа ёрдами бўйича шерикларнинг ноаниқлиги, тезкор жавобнинг йўқлиги Россия кучини оширади», деди у. Зеленскийнинг сўзларига кўра, агар Украина урушда мағлуб бўлса, навбатдаги нишонлар Литва, Латвия, Эстония ва Молдова бўлиши мумкин.

Литванинг Украинага ҳарбий ёрдами

Ўз навбатида, Гитанас Науседа қўшма матбуот анжуманида Украинага 200 миллион евро миқдорида узоқ муддатли ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишини маълум қилди. «Январда биз яна Украинага ўқ-дорилар, генераторлар, детонация тизимларини, февралда эса - М577 бронетранспортёрларини юборамиз, украиналик ҳарбийларни ўқитамиз», деди Литва президенти.

Республика мудофаа вазирлиги чоршанба куни хабар қилганидек, Литва 2024 йил давомида Украинага юк машиналари, пикаплар, тез тиббий ёрдам машиналари, турли тиркамалар ва юк кўтариш техникаларини юборади. Шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари, УУАга қарши тизимлар, масофадан туриб портлатиш тизимлари, ўқ-дорилар, иссиқ кийим тўпламлари ва турли хил қишки жиҳозлар ўтказилади. Жорий йил охирига қадар 3 мингга яқин украиналик ҳарбийларни тайёрлаш режалаштирилган.

Мавзуга оид