Иқтисодиёт | 13:19 / 13.01.2024
20044
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга маиший техника олиб киришда антидемпинг божлари жорий этилиши мумкин

Маиший техника импортига тахминан 10 фоизлик антидемпинг божлари ўрнатилиши мумкин. Бундан ташқари, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун амалдаги солиқ ва божхона имтиёзларини 2027 йилгача узайтириш, экспортда валюта курсини ҳедж қилиш хизматларидан фойдаланиш ва хомашё импортидаги транспорт харажатларини қоплаб бериш таклиф этилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонга маиший техника импорти учун антидемпинг божлари қўлланиши мумкин. Gazeta.uz'нинг ёзишича, бу – бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги ҳукумат комиссиясининг 25 декабрдаги 118-сонли комиссия баённомасида кўзда тутилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига 2 ой муддатда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, маиший техника воситаларини Ўзбекистонга импорт қилишда махсус божхона божларини (антидемпинг божлари – ўртача 10 фоизлик) жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Антидемпинг божи – ишлаб чиқарувчи мамлакатнинг ички нархларидан паст нархларда, яъни демпингдан фойдаланган ҳолда импорт қилинадиган товарлар учун қўшимча бож.

Баённома билан, шунингдек, Божхона қўмитасига республикада ишлаб чиқариши ўзлаштирилган электротехника ва электромаиший маҳсулотлар импорти учун божхона тўловларини ҳисоблашда хос ставка методи қўлланиши (фоиздаги асосий ставкадан ташқари, миқдор учун ҳам ставка қўлланади, масалан, ойнали кондиционерлар/сплит-тизимларни импорт қилиш учун нархнинг 30 фоизи миқдорида ставка қўлланади, лекин бу маҳсулотнинг ҳар бир донаси учун 50 доллардан кам бўлмаслиги керак) устидан назоратни зиммасига олиш буюрилган.

Божхона органлари, шунингдек, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан регламент талаблари ва стандартларга номувофиқ деб топилган электротехника маҳсулотларини эркин муомалага чиқаришни қатъий тақиқлаш чоралари кўрилиши лозим.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таклифи билан электротехника соҳасида фаолият юритувчи йирик корхоналар ва экспортёрларни “ваколатли иқтисодий операторлар” рўйхатига киритиш амалиётини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилари учун янада кўпроқ имтиёзлар

Антидемпинг божини жорий қилиш ҳаракатлари фонида Ўзбекистонда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янада кўпроқ имтиёзлар бериш режалаштирилмоқда.

  • электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг маркетинг тадқиқотлари ва рекламага доир харажатларни фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан 2 коэффициент қўлланган ҳолда чегириш;
  • йирик аудитор ва рейтинг агентликларининг соҳада маркетинг ва аудиторлик ўрганишлар олиб бориш билан боғлиқ ҳаражатларини қоплаш;
  • электротехника тармоғи корхоналари, жумладан, сервис хизмати кўрсатиш корхоналари ўз хизматларини бозор нархларидан паст қийматда амалга оширган тақдирда, истисно тариқасида солиқ оқибатларига олиб келмаслик;
  • электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига солиқ ва божхона ҚҚСларини кечиктириб тўлашда уларга ҳисобланадиган Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидаги фоизларни қўлламаган ҳолда тўлаш муддатларини 180 кунгача кечиктириб тўлаш механизмини жорий этиш.

Бундан ташқари, электротехника соҳасида муддати тугаётган амалдаги солиқ ва божхона имтиёзлари муддатларини ўтиш даврини ҳисобга олган ҳолда 2027 йил 1 январга қадар узайтириш бўйича тегишли таклифлар тайёрлаш топширилди.

Йирик хорижий савдо тармоқларига кечиктириб тўлаш шарти асосида маҳсулот экспорт қилишда электротехника саноати корхоналари томонидан хорижий давлатларда “факторинг” ва “валюта курсини ҳедж қилиш” хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш механизмини жорий этиш бўйича таклифлар киритилади.

Шунингдек, республикада ишлаб чиқарилмайдиган электротехника саноати корхоналари учун экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун импорт қилинадиган бутловчи қисмлар ва хомашёларни импорт қилишдаги транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини ишлаб чиқарувчи экспортёрларга ёки халқаро транспорт юк ташувчи корхоналарга компенсация қилиш тизимини жорий этиш сўралган.

Шу билан бирга, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2017−2022 йиллар мобайнида тадбиркорларга тақдим этилган солиқ имтиёзларини қўллаш (мақсадли ёки мақсадсизлиги) бўйича ўрганиш ўтказиб, Вазирлар Маҳкамасига тегишли хулоса киритиш топширилди. Гап инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 3 йилдан 7 йилгача муддатга электротехника саноатида янги ташкил этилаётган корхоналарга бериладиган имтиёзлар (корпоратив даромад солиғи, мол-мулк солиғи, чегирмалар ва бошқалар) ҳақида кетмоқда.

Бундан ташқари, экспортчи корхоналар кўргазма-ярмарка тадбирларида ўз ташаббуси ва маблағлари ҳисобидан қатнашган ҳолларда уларнинг харажатлари Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилиши, экспортчи корхоналар томонидан электротехника маҳсулотларига барча турдаги ҳудудий ва хорижий мамлакатларнинг маҳаллий сертификатларини олиш учун қилинган харажатларини қоплаш режалаштирилмоқда.

Масъул вазирлик ва идораларга маҳаллий саноат тармоқларининг импорт ва экспорт қилишдаги транспорт харажатларини оптималлаштириш мақсадида ҳар молия йили аввалида йирик халқаро логистика компанияларининг арзонлаштирилган логистика квоталари брон қилиниши бўйича топшириқ берилиши кутилмоқда. Экспортни рағбатлантириш агентлигини квоталарни сотиб олиш ва тақсимлаш учун ваколатли давлат органи этиб белгилаш ва квоталарни сотиб олиш, тақсимлаш ва улардан фойдаланишни ташкиллаштириш ишларини мукофот пули экспортчи корхоналарга тақсимланадиган квотанинг 1 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш кўзда тутилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистон ҳукумати 2021-2022 йилларда импорт қилинган “шубҳали” электр жиҳозларининг келиб чиқиш сертификатларини (СТ-1) қайта текшириши хабар қилинганди.

Маълумот учун, 2021 йилда ҳам электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга бир қанча имтиёзлар тақдим қилинганди. Хусусан, 2021 йил 1 мартдан электротехника тармоғи корхоналарига МБ асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган миқдорда миллий валютада бериладиган кредитларнинг 20 миллиард сўмгача бўлган қисмининг оширилган фоизи МБ томонидан уч йилгача компенсация қилиниши (5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда) белгиланганди.

Шунингдек, Экспортни ривожлантириш агентлиги томонидан электротехника саноатидаги корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидаги тадбирларни амалга ошириш назарда тутилганди:

  • 2024 йил 1 январгача электротехника ва электромаиший маҳсулотларни барча мамлакатларга экспорт қилишда автомобил, темирйўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизини, бироқ маҳсулотлар экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобил транспортида 15 фоизидан, темирйўл транспортида 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қоплашга субсидиялар тақдим этилиши;
  • хорижий валютадаги шартнома шартларини бажариш ва етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича кафолат муддатларини таъминлаш юзасидан маҳаллий тижорат банкларидан кафолатлар олишда гаров таъминоти сифатида кафолат суммасининг 50 фоизигача, бироқ 3 миллион АҚШ долларидан ошмаган миқдорда кафилликлар бериш;
  • 2021 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 январгача электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумнинг 80 фоизидан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкалар 50 фоизга камайтирилганди.

Мавзуга оид