Ўзбекистон | 19:06 / 14.01.2024
20554
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда 62,5 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган метан-заправка эгалари ушланди

Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги газ шохобчаларидан бири газ ҳисоблагичдан олдин резина шланг орқали газ ўғирлаб, уни сотиб келган. Ҳисоб-китобларга кўра, етказилган зарар миқдори 62 млрд 488 млн сўмга баҳоланди.

Фото: Бош прокуратура

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатларни фош этишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда. Бош прокуратура матбуот хизмати Боёвут туманидаги метан-заправкада катта миқдорда газ ўғирланиши ҳолати юзасидан жиноят иши очилиб, МЧЖ мансабдор шахслари қўлга олингани ҳақида хабар берди.

«Б. М.» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқалар жамиятга қарашли Боёвут тумани Беруний маҳалласида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида тижорат мақсадларида ноқонуний даромад орттиришни кўзлаб, ҳисоблагич приборидан ташқари газ тармоғига тўғридан тўғри ўзбошимчалик билан уланиб, ноқонуний равишда 62,5 млрд сўмлик 41 млн 666 минг метр табиий газни ўғирлагани аниқланди», дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан «Б. М.» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 2 нафар шахс процессуал тартибда ушланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этишга қаратилган кучайтирилган рейд тадбирлари давом этаётгани, энергия ресурслардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатлари фош этилиши ва жазо муқаррарлиги таъминланиши қайд этилган.

Мавзуга оид