Жаҳон | 14:58 / 15.01.2024
4053
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳусийчилар томонидан учирилган ракетани уриб туширди

Ҳусийчилар Қизил денгиз жанубидаги АҚШнинг USS Laboon эсминецига Ямандан қанотли ракета учирди. Ракета уриб туширилди.

Фото: Muhammed Gencebay Gur/picture alliance/AA

АҚШ қирувчи самолёти Яманнинг ҳусийчилар назорати остидаги ҳудудидан АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари эсминецига отилган кемаларга қарши қанотли ракетани уриб туширди, деб хабар берди 15 январ, душанба куни АҚШ ҚК Марказий қўмондонлиги (CENTCOM).

«14 январ куни соат тахминан 16:45 да (Яман пойтахти Сано вақти) Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳусийчилари ҳудудларидан Қизил денгиз жанубида ҳаракат қилаётган USS Laboon (DDG58) эсминецига кемаларга қарши қанотли ракета учирилди. Ракета Ҳодайда қирғоқлари яқинида уриб туширилди», дейилади X ижтимоий тармоғидаги Америка қўмондонлиги хабарида. 

Ҳеч қандай вайронагарчилик ва жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган, дея қўшимча қилиб ўтди CENTCOM. 

Яман атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши

Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчилари 2023 йил ноябридан бери Қизил денгиздаги тижорат кемаларига учувчисиз учоқлар ва ракеталар билан мунтазам равишда ҳужум қилиб келмоқда. Гуруҳ ўз ҳаракатларини Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларига норозилик деб атади ва Исроил билан боғлиқ барча кемаларга ҳужум қилишга ваъда берди. Айни пайтда, нафақат ҳарбий кемалар, балки турли давлатларнинг савдо кемалари ҳам ҳусийчиларнинг нишонига айланмоқда. 

12 январга ўтар кечаси АҚШ ва Британия Нидерландия, Канада, Австралия ва Баҳрайн кўмагида Ямандаги ҳусийчилар объектларига йирик зарбалар берди. Қўшма Штатлар Мудофаа вазирлиги радар қурилмалари, омборлар, учувчисиз учоқлар ва ракеталар учун учириш майдончалари ҳамда ҳусийчилар қўмондонлик марказлари нишонга олинганини билдирди.

Бир кун ўтиб, Ямандаги ҳусийчилар позициялари АҚШнинг янги ҳужуми нишонига айланди. Пентагон аниқлик киритишича, ҳусийчилар томонидан фойдаланилган радар қурилмасига зарба берилган. У Tomahawk қанотли ракеталари томонидан амалга оширилган ва «ҳусийчиларнинг денгиз кемаларига ҳужум қилиш қобилиятини заифлаштириши керак», дея таъкидлаб ўтди АҚШ мудофаа вазирлиги.

АҚШ президенти Жо Байден агар ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларини тўхтатмаса, яна зарбалар беришни буюриши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. 

Мавзуга оид