Жаҳон | 09:40 / 15.01.2024
7078
2 дақиқада ўқилади

Oxfam хайрия ташкилоти бойлар учун янги солиқ жорий этишга чақирди

Oxfam ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилдан буён дунёнинг энг бадавлат беш кишиси ўз бойлигини икки баравар оширган, дунёдаги энг камбағал 5 миллиард киши эса инфляция туфайли 20 миллиард доллар йўқотган.

Фото: iStock

Oxfam хайрия ташкилотлари бирлашмаси ўзининг йиллик ҳисоботида дунёда ижтимоий тенгсизлик муаммоси кучайиб бораётган бир пайтда, 5 миллион доллардан ортиқ активларга қўшимча солиқ солишга чақирди. Бу ҳақда 15 январ, душанба куни чоп этилган Oxfam ҳисоботида айтилади. 

«Миллиардлаб одамлар пандемия, инфляция ва урушнинг зарба тўлқинларига дош берар экан, миллиардерларнинг бойлиги янада кўпаймоқда», деди Oxfam Germany ижрочи раиси Серап Алтинисик Inequality Inc. (Тенгсизлик) ҳисоботини эълон қилар экан. 

Oxfam маълумотларига кўра, дунёнинг энг бадавлат беш кишиси 2020 йилдан бери ўз бойлигини икки баравар кўпайтирди, яъни 405 миллиард доллардан 869 миллиард долларгача. Oxfam ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилдан бери дунёдаги барча миллиардерлар жами 3,3 триллион долларга бойиган. Бу уларнинг бойлиги инфляция даражасидан уч баравар юқори суръатда ўсганини англатади, дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари. Шу билан бирга, худди шу даврда дунёдаги энг камбағал 5 миллиард киши инфляция туфайли 20 миллиард доллар йўқотди.

Бойларга солиқ солиш таклифи

«Бизга катта бойлик учун солиқ керак, шунда ўта бойлар ҳам умумий манфаатга ўз ҳиссасини қўшади», деди Алтинисик. Хусусан, Oxfarm қиймати 5 миллион доллардан ортиқ бўлган активлар учун икки фоиз, 50 миллион доллардан ортиқ активлар учун уч фоиз ва 1 миллиард доллардан ортиқ активлар учун беш фоиз солиқ ундиришни таклиф қилди. Йиғилган маблағларни иқлимни муҳофаза қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотга йўналтириш таклиф этилган. 

Германияда, Oxfam ҳисоб-китобларига кўра, шунга ўхшаш солиқ йилига 93,6 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин. Германияда 200 мингга яқин одам бундай солиқларни тўлашга мажбур бўлади. 

Мавзуга оид