Ўзбекистон | 14:30 / 17.01.2024
7930
3 дақиқада ўқилади

Миллий гвардияга контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби эълон қилинди

Ўзбекистон Миллий гвардияси органларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz / Нуриддин Нурсаидов

Низом Миллий гвардия органларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартибини белгилайди

Номзодларни контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш учун саралаш тадбирлари ва тиббий кўрик ташкил қилинади.

Саралаш тадбирлари қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

а) дастлабки ўрганиш (ҳужжатларни йиғиш ва ўрганиш, жисмоний тайёргарлик синови, диктант, суҳбат);
б) жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;
в) психологик ўрганиш (номзоднинг интеллектуал ривожланганлик даражаси ва психоэмоционал барқарорлигини баҳолаш);
г) махсус текширув.

Миллий гвардия учун зарур ҳолларда қуйидаги номзодлар истисно тариқасида фақатгина тиббий кўрик ва саралашнинг махсус текширув босқичидан ўтказилади:

юксак касбий тайёргарлик ва фаолиятида катта тажрибага эга бўлган, ҳарбий хизматда бўлишнинг белгиланган ёш чегарасига етмаган фуқаролар, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати билан келишилган ҳолда Миллий гвардия қўмондони буйруғи асосида;
сўнгги беш йил давомида республика миқёсидаги спорт мусобақасининг ғолиби бўлган ёки халқаро миқёсдаги спорт мусобақасининг 1-3-ўринларидан бирини эгаллаган спортчилар;
тор ихтисосликдаги юқори малакали мутахассислар;
олий ҳарбий таълим муассасаларининг бошқарув, илмий ва профессор-ўқитувчилар таркибидаги лавозимларни малакали мутахассислар билан тўлдириш учун илмий даражага (илмий унвонга) ҳамда камида беш йиллик илмий ва педагогик иш тажрибасига эга бўлган фуқаролар.

Номзодлар “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунда ҳамда президент қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.

Бунда, номзод сифатида умумий ўрта ёки ўрта махсус (бошланғич, ўрта, ўрта махсус профессионал) ёхуд олий маълумотга эга бўлган фуқаролар кўриб чиқилади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилишда номзод бўйи қуйидаги махсус антропометрик параметрларга жавоб бериши талаб этилади:

эркак жинсидаги номзоднинг бўйи – 178 сантиметрдан паст бўлмаслиги керак;
аёл жинсидаги номзоднинг бўйи – 170 сантиметрдан паст бўлмаслиги керак.

Номзоднинг вазни Ўзбекистон қуролли кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талабларга жавоб бериши шарт.

Ўзбекистон фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом ёки мазкур низом билан белгиланган ҳолатларда саралашнинг исталган босқичида номзодни контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш рад этилиши мумкин.

Мавзуга оид