Жаҳон | 15:29 / 17.01.2024
5509
3 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Украинага берилган ҳарбий ёрдам бўйича аудит ўтказмоқда

Украинага топширилган қуролларни текшириш Европа Иттифоқи айрим давлатларининг техника етарлича етказиб берилмагани ҳақидаги баёнотларига жавобан Брюссел томонидан ташкил этилди. 

Фото: Getty Images

Европа ташқи ҳаракатлар хизмати (EEAS) Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужумидан сўнг Европа Иттифоқи давлатлари томонидан Киевга берилган қуроллар аудитини ўтказмоқда. Бу ҳақда Financial Times газетаси 16 январ, сешанба куни европалик уч дипломатга асосланиб хабар қилди

Нашр суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, текшириш «EEAS сўровларига жавобан аъзо давлатлар томонидан тақдим этилган материаллар» асосида амалга оширилади. Брюсселнинг бундай талаби тўлиқ маълумот беришни истамайдиган баъзи давлатлар томонидан қаршиликка учраган, деди дипломат. Хизмат ўз хулосаларини 1 феврал куни бўладиган ЕИ саммити олдидан тақдим этишни режалаштирмоқда. 

Шолц ЕИ давлатларининг ҳарбий таъминотини солиштиришни талаб қилди 

Аудит ўтказиш тўғрисидаги қарор Германия канцлери Олаф Шолцнинг ўтган ҳафта Европа давлатлари Киевга етказиб бераётган ҳарбий юкларини санаш ва солиштиришни талаб қилган баёнотидан кейин қабул қилинган. 

«Ҳозирда Европа Иттифоқига аъзо аксарият давлатлар томонидан Украинага етказиб бериш режалаштирилаётган қурол ҳажми ҳар қандай ҳолатда ҳам жуда кичик», деди Шолц 8 январ куни Берлинда Люксембург бош вазири Люк Фриден билан учрашувдан сўнг. Энг кечи билан 1 феврал куни бўлиб ўтадиган ЕИ саммитига қадар «европалик ҳамкорларимиз бу йил Украинани қўллаб-қувватлашга қандай ҳисса қўшиши ҳақида иложи борича аниқ тасаввурга эга бўлишимиз керак», деди Германия ҳукумати раҳбари. 

Унинг изоҳлари Европа Иттифоқи бошқа мамлакатлари расмийларининг иттифоқчилар томонидан Украинага ваъда қилинган ҳарбий юклар кўлами ҳақидаги шунга ўхшаш сўзларига мос келади, деб таъкидлайди FT.

Германиянинг Украинага ёрдами 17 млрд евродан ошди

Германия Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. Кил жаҳон иқтисодиёти институти маълумотларига кўра, 2023 йил октябр охиригача Берлин Киевга 17 миллиард евродан ортиқ ҳарбий ёрдам берган. Бу Европа Иттифоқи давлатлари орасида иккинчи йирик донор бўлган Даниядан беш баробар кўпдир. 

Россиянинг кенг миқёсли ҳужуми бошидан бери Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдами деярли 44 миллиард еврони ташкил этди. 

Мавзуга оид