Жаҳон | 22:34 / 18.01.2024
5007
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия нефтини ташувчи танкерларга қарши санкциялар киритди 

Либерия ва БАА кемалари чекловларга дуч келди. 

Фото: Reuters

АҚШ Молия вазирлиги Россияга қарши санкциялар жорий этилган шахслар рўйхатини кенгайтирди. 18 январ куни Либерия байроғи остида сузиб юрган ва Россия нефтини ташувчи 17 та денгиз кемаси, шунингдек, Hennesea Holdings (БАА) юк ташиш компанияси чеклов чораларига киритилди. 

АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) баёнотида аниқлик киритилишича, Hennesea Holdings компаниясига тегишли 17 та танкерга чекловлар киритилган. 

Декабр ойида Қўшма Штатлар ва G7 давлатлари Россия нефти нархининг юқори чегарасига (баррелига 60 доллар) риоя этилишини назорат қилиш чораларини кучайтирган эди. Санкцияларнинг кучайтирилиши Россиядан хомашё ташувчи юк ташувчи компанияларга нисбатан чекловлар жорий этилиши билан бир вақтда юз берди. 

16 январ куни Ҳиндистон нефт вазири Ҳардип Сингх Пури Россия танкерлари санкциялар кучайтирилиши туфайли Ҳиндистон портларига нефт туширишда муаммоларга дуч келаётганини айтди. Санкциялар, хусусан, Ҳиндистоннинг ONGC, Япониянинг SODECO ва «Роснефт»ни ўз ичига олган Сахалин-1 лойиҳасидан Сокол нефтини етказиб беришга таъсир қилган. Чекловлар туфайли ўнга яқин танкер ҳозир Сахалин нефтини туширишни кутиб, денгизда туриб қолган. 

Мавзуга оид