Жаҳон | 13:07 / 18.01.2024
3079
2 дақиқада ўқилади

Россиялик ҳакерлар Швейцария ҳукумати сайтларига ҳужум қилди

Украина президентининг Давосдаги чиқишидан кейин Швейцария ҳукумати сайтларига DdoS-ҳужумлари уюштирилди. Масъулиятни Россия Федерациясига яқин бўлган NoName гуруҳи ўз зиммасига олди.

Фото: Getty Images

Швейцария расмийларига кўра, Россияга яқин ҳакерлик гуруҳи бу давлатдаги ҳукумат сайтларига ҳужум қилган. NoName гуруҳи киберҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди, унинг ҳаракатларига Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида иштироки сабаб бўлди, деб хабар берди 17 январ, чоршанба куни Берндаги киберхавфсизлик бўйича федерал идора.

Жиноятчилар DDoS-ҳужумлар орқали саҳифаларга киришни тўсиб қўйган, кўп сонли сўровлар бўлган сайтларни ҳаддан ташқари юклаган. Швейцариялик мутахассислар имкон қадар тезроқ киришни тиклаш устида ишламоқда. Баёнотда таъкидланганидек, Швейцария Зеленскийнинг ташрифи олдидан бундай ҳужумни кутган ва зарур хавфсизлик чораларини кўрган. 

Зеленский Россия билан зиддиятни музлатмасликка чақирди 

Украина президенти 16 январ куни Давосда нутқ сўзлаб, Россия Федерацияси билан урушни музлатиш хавфи ҳақида эълон қилди ва Киевнинг НАТОга қўшилиш умидини тасдиқлади. 17 январ куни у ўз мамлакатига ёрдам етказиб беришни кечиктирмасликка чақирди. Жумладан, у НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашди. 

19 январга қадар давом этадиган Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида сиёсат, бизнес ва фуқаролик жамиятидан жами 2800 га яқин вакил иштирок этмоқда. Кун тартибида Украинадаги уруш, шунингдек, Исроилнинг ҲАМАС гуруҳига қарши ҳарбий амалиёти асосий ўрин тутади. 

Мавзуга оид