Иқтисодиёт | 17:36 / 20.01.2024
18478
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЯИМ 1 квадриллион сўмдан ошди

Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилда 6 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 1 квадриллион 66,5 трлн сўм ёки 90,8 млрд долларни ташкил этди. Аҳоли жон бошига ЯИМ 29,3 млн сўм ёки 2494 долларга етди.

Фото: Kun.uz

2023 йилда Ўзбекистонининг ялпи ички маҳсулоти ҳажми жорий нархларда 1 квадриллион 66,5 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилда 6 фоизга ўсган.

Хусусан, саноат тармоғининг ўсиши 6 фоизни ташкил этиб, ЯИМ ўсишига қўшган ҳиссаси 1,5 фоиз пунктга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг ўсиши 4,1 фоизни ташкил этиб, ЯИМ ўсишига қўшган ҳиссаси 1 фоиз пунктга, хизмат кўрсатиш соҳасининг ўсиши 6,8 фоизни ташкил этиб, ЯИМ ўсишига қўшган ҳиссаси 2,6 фоиз пунктга баҳоланган.

Шунингдек, қурилиш соҳаси 6,4 фоизга, соф солиқлар миқдори 7,4 фоизга ўсган.

Ўтган йили республика истеъмол секторида инфляция даражаси 8,8 фоизни ташкил этган. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 9,7 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари эса ўртача 7,7 фоизга қимматлашган.

2023 йилда АҚШ долларининг сўмга нисбатан ўртача расмий курси 11 741 сўмга тенг бўлган. Шунга кўра, мазкур курс бўйича ҳисобланган ЯИМ ҳажми 90 млрд 841 млн долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 10 млрд 457 млн долларга кўп.

Ўтган йили аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ ҳажми 29,3 млн сўм ёки 2494 долларга етган. Бунда, йил давомидаги доимий аҳоли сони ўртача 36 млн 412 минг киши деб олинган.

Мавзуга оид