Жамият | 10:20 / 23.01.2024
10825
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қоидабузар ҳайдовчи аҳоли пунктида машинани соатига 182 км тезликда бошқарди

Қоидабузар Chevrolet Equinox машинасининг давлат рақамини ечиб ҳаракатланган.

Фото: ЙҲХБ матбуот хизмати

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2024 йил 22 январ куни тунда соат 20:08 да М-39 Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлида қайд этилган.

Термиз тумани Лолазор маҳалласи ҳудудидаги радар ускунасига давлат рақами ечиб олинган Chevrolet Equinox соатига 182 км тезликда ҳаракатланиб ўтган.

Маълум бўлишича, қоида бузилган жой аҳоли маскани ҳисобланиб, бу ерда максимал ҳаракатланиш тезлиги соатига 70 км (+5 км) этиб белгиланган.

Chevrolet Equinox ушбу хатти-ҳаракати билан МЖтКнинг 125-моддаси 5-қисмида (Фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариши – БҲМнинг 5 баробари миқдорида жарима) ва 128-3 прим моддаси 3-қисмида (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши – БҲМнинг 9 баробари миқдорида жарима) кўрсатилган қоидабузарликларни содир этган.

Қайд этилишича, ушбу ҳайдовчини топиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Мавзуга оид