ДХХ уч ҳудудда фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйди
Тошкентда 4,3 млрд сўм эвазига 72,5 млрд сўмлик суви тармоғини тортиш лойиҳасини олиб бермоқчи бўлган маҳкум ва унинг шериклари, Фарғонада ер сотмоқчи бўлган уюшма раиси ҳамда Қаршида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, ўқишни кўчириб бермоқчи бўлган университет юристи қўлга олинди.
Республиканинг уч ҳудудида бир неча шахслар фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ушланган.
Жумладан, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1970 йилда туғилган ва Жиззах шаҳрида яшовчи, 1971 йилда туғилган 2 нафар шахс ўзаро келишган ҳолда, қурилиш фирмаси раҳбарига ўзларининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги 72,5 млрд сўмлик ичимлик суви тармоғини тортиш лойиҳасини тендер савдоларисиз, тўғридан тўғри олиб беришни ваъда қилиб, эвазига объект қийматининг 6 фоизини, яъни 4 млрд 350 млн сўм талаб қилишган.
ДХХ ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган пул маблағидан 29 минг АҚШ долларини олган вақтларида ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ноқонуний ишга Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида жойлашган, ИИВ ҳузуридаги 44-сонли манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг алоқадорлиги аниқланган: юқоридаги пул маблағидан 28500 АҚШ долларини олган вақтида у ҳам қўлга олинган.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги боғдорчилик ва полизчиликка ихтисослашган уюшма раиси ҳамда Давлат кадастрлар палатаси Учкўприк туман филиалининг собиқ мутахассиси ҳисобланган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлари учун бир неча маротаба судланган шахс ўзаро келишган ҳолда мазкур уюшма балансидаги 10 сотих ер майдонини харидор номига расмийлаштириб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 12600 АҚШ доллари талаб қилишган. Ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қарши давлат университетининг юрисконсулти эса Косон туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаронинг Қозоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларидан бирида ўқиётгани тўғрисида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, ўқишини Қарши давлат университетининг тиббиёт факултетига кўчириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағидан 8 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
14:55
ДХХ раиси Ўзбекистондаги муҳим ахборот инфратузилмаларини тоифалашга доир буйруқ чиқарди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
16:46 / 09.11.2024
Учта вилоят ва Тошкент шаҳрида гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди
10:23 / 07.11.2024