Исроил Ғазо секторида ҲАМАС туннеллари йўқ қилинганини маълум қилди
Туннеллар ҳамасчилар томонидан қурол ва ракета ишлаб чиқаришда фойдалангани таъкидланмоқда.
Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 23 январ куни Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнис шаҳри яқинида ҲАМАС ҳаракатининг йирик туннеллар тармоғини аниқлади ва йўқ қилди, деб ёзди The Times of Israel.
Қайд қилинишича, ҳамасчилар исроил ҳарбийларини ўққа тутган ва қурол билан ракета ишлаб чиқариш объектига қўшинларнинг кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида бир неча туннелларнинг кириш қисмини портлатиб юборган. Кейинчалик Исроил ҳарбийлари барибир туннелларга кириш имконига эга бўлган. Бу иншоотлар сапёрлар томонидан вайрон қилинган.
23 январ куни эрталаб Исроил армияси ўз аскарлари орасида сўнгги 24 соат ичида катта йўқотишлар ҳақида хабар берган эди: Ғазо секторидаги иккита бинонинг портлаши ва қулаши оқибатида 21 аскар ҳалок бўлди. Портлаш учун жавобгарликни ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбийлаштирилган қаноти «Иззаддин ал-Қассам» бригадалари вакиллари ўз зиммасига олди. Кейин Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳарбийлар Ғазо секторидаги ҳужумларини давом эттиришини айтди.
Шу билан бирга, Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» шиа ҳаракати Исроил шимолида Мерон тоғидаги базага ракета ҳужуми уюштирганини эълон қилди. Ҳаракатнинг қайд этишича, бу ҳужум ҲАМАС сиёсий бюроси раиси ўринбосари Солиҳ ал-Арурийнинг ўлдирилишига, шунингдек, Исроилнинг Сурия ва жанубий Ливанга берган зарбаларига жавоб бўлган.
Кейинчалик ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ»нинг снарядлари ва ракеталари бу сафар базадаги объектларга озгина зарар етказа олганини маълум қилди. Қурбонлар йўқ. Ракеталарнинг бир қисми «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизими томонидан уриб туширилган.
Шундан сўнг, ЦАҲАЛ Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ва Эрон кучларига тегишли «ҳарбий объект»га зарба берган. Улар, шунингдек, «Ҳизбуллоҳ»га тегишли бошқа «баъзи нишонлар»га ҳам ҳужум қилишган.