ОАВ: Трамп Ню-Ҳемпширда республикачилар праймеризида ғалаба қозонди
АҚШнинг собиқ президентининг 2024 йилги сайловларда Республикачилар партиясидан номзод бўлиш ҳуқуқи учун курашдаги ягона рақиби Никки Ҳейли кейинги курашдан воз кечмаяпти.
Ню-Ҳемпшир штатида Республикачилар партиясининг дастлабки сайловларида (праймериз) Доналд Трамп ғалаба қозонди. Бу ҳақда 24 январ, чоршанбага ўтар кечаси Америка ОАВ дастлабки ҳисоб-китоблар ва ижтимоий сўровлар натижаларига таяниб хабар берди.
Edison Research маълумотларига кўра, овозларнинг 41 фоизи ҳисобланганда Трамп 52,7 фоиз, АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Ҳейли эса 43,7 фоиз овоз олгани маълум бўлган. Бу натижа Ҳейли учун дастлабки сўровларга қараганда яхшироқ. Ню-Ҳемпширдаги праймериз анъанавий тарзда айниқса муҳим ҳисобланади, чунки ғолиб бутун кампания учун фаворитга айланади.
Никки Ҳейли курашдан воз кечмаяпти
Флорида губернатори Рон Десантис Трамп фойдасига пойгадан чиқиб кетганидан сўнг, 52 ёшли Никки Ҳейли 2024 йилда Республикачилар партиясидан ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқи учун курашда собиқ президентнинг ягона рақиби бўлиб қолди.
У Трампни Ню-Ҳемпширдаги ғалаба билан табриклади, бироқ агар у янги президентлик муддатига сайланса, мамлакатни фақат бетартиблик кутаётганини айтди. «Пойга тугашига ҳали анча бор, олдинда ўнлаб штатлар кутиб турибди», - дея таъкидлади Ҳейли. Аввалроқ унинг вакиллари Ҳейли республикачилар ўртасидаги сайлов пойгасини камида 5 март кунги «суперсешанба»гача - 50 штатнинг 16 тасида бошланғич сайловлар ўтказиладиган кунгача давом эттиришини айтганди.
Трамп Ҳейли ҳақида кескин фикр билдирди
Ўз навбатида, праймериздан сўнг тарафдорлари билан гаплашар экан, 77 ёшли Доналд Трамп рақиби ҳақида кескин гапириб, уни ғалабани ўзлаштириб олмоқчи бўлган «сохтакор» деб атади. Бир кун олдин Трамп ўзининг Truth ижтимоий тармоғида Ҳейлига бир нечта постлар бағишлади ва уни «адекват эмас» деб атади.
Аввалроқ, 16 январ куни Доналд Трамп Айова штатидаги кокуслар - республикачилар ўртасидаги ички партиявий сайловларнинг биринчи босқичида ғалаба қозонганди. Reuters агентлиги таъкидлашича, Трамп шу пайтгача республикачи номзодлар ўртасидаги дебатларнинг барча беш раундини эътиборсиз қолдирган ва номзодлар одатда Айовадаги кокуслар олдидан штат бўйлаб сафар қилиши анъанасидан «тийилган».
Расмий равишда республикачи номзод партиянинг июл ойида бўлиб ўтадиган қурултойида кўрсатилади. Сайловларнинг ўзи 5 ноябрга белгиланган. Унда Трамп ва Оқ уйнинг амалдаги раҳбари Жо Байден яна рақобатлашиши кутилмоқда, у ҳам ўз номзодини илгари суриши ҳақида эълон қилган.
Мавзуга оид
22:30
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
20:48
Трамп ва Россия: «севги тарихими» ё сиёсий ўйин?
17:49
Трамп бош прокурорлик учун номзод танлади — у гиёҳванд моддалар истеъмол қилишда ва вояга етмаганлар билан алоқада айбланган конгрессмен
12:05