Ўзбекистон | 14:06 / 24.01.2024
7587
2 дақиқада ўқилади

Савдо-саноат палатаси раисига янги ўринбосарлар тайинланди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисига икки янги ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.

Дилшод Расулов халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Дилшод Расулов / Савдо-саноат палатаси

У 1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 1994 йилда Тошкент молия институтини, 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган.

1997–2009 йилларда Божхона қўмитасида турли лавозимларда фаолият олиб борган, 2010–2014 йилларда Савдо-саноат палатасида Савдо кўргазмалари ва ярмаркаларини ташкил этиш бўлими бошлиғи, Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти бошлиғи, раис ўринбосари лавозимларида ҳам ишлаган.

Тайинловга қадар президент администрациясида бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Шунингдек, Давронбек Қурбонов бизнес муҳитини таҳлил қилиш ва ишбилармонлик индексларини баҳолаш, тадбиркорларга бозор инфратузилмаси масалаларида кўмаклашиш йўналиши бўйича ўринбосари бўлди.

Давронбек Қурбонов / Савдо-саноат палатаси

Давронбек Қурбонов 1975 йилда Хоразм вилоятида туғилган, 1995 йилда Самарқанд кооператив институтини, 2006 йилда Банк-молия академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида Солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонида турли лавозимларида ишлаган.

2022–2023 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг Стратегик режалаштириш департаменти директори, тайинловга қадар эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

  • Бундан олдинроқ, Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов 66 ёшида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид