Жаҳон | 22:51 / 25.01.2024
4180
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Британия Ямандаги ҳусийлар етакчиларига қарши санкциялар жорий қилди

Санкция қўлланилишига ҳусий вакилларининг «халқаро террорчи ташкилот»га алоқадорлиги сабаб бўлгани таъкидланмоқда. 

Фото: Reuters

АҚШ Молия вазирлиги Ямандаги исёнчи «Ансоруллоҳ» (ҳусийлар) ҳаракатининг бир қатор етакчиларига қарши санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Ҳаракатнинг ҳарбий амалиётлари учун масъул бўлган ҳусийларнинг «асосий лидерлари» Америка санкциялари остида қолди. Буюк Британия ҳукумати ҳам худди шундай санкцияларни қўллаган. 

АҚШ Молия вазирлиги таъкидлаганидек, санкция рўйхатига ҳусийлар Мудофаа вазирлиги раҳбари Муҳаммад ал-Атифий, денгиз кучлари қўмондони Муҳаммад Фазл Абдуннабий, қирғоқ мудофаа кучлари раҳбари Муҳаммад Али ал-Қодир ва ҳусий қуролли кучлари учун харидларни бошқарадиган Муҳаммад Аҳмад ат-Толибий киритилган. 

Санкция қўлланилишига ҳусий вакилларининг «халқаро террорчи ташкилот»га алоқадорлиги сабаб бўлган. Уларнинг Қўшма Штатлардаги барча активлари музлатилади, шунингдек, АҚШ ҳудудига киришига рухсат берилмайди. 

17 январ куни АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти «Ансоруллоҳ»ни глобал террорчилар махсус рўйхатига қайта киритган эди. 

2023 йил кузидан бери Яман ҳусийлари Қизил денгиздаги кемаларга мунтазам ҳужум қилиб келади. 14 ноябр куни гуруҳ Исроил билан боғлиқ бўлган барча кемаларга ҳужум қилишини эълон этди. Ҳужумлар туфайли йирик юк ташиш компаниялари кемаларнинг Сувайш канали орқали ўтишини тўхтатиб қўйган ёки уларни бошқа йўналишлар бўйлаб жўнатишга мажбур бўлмоқда.

Мавзуга оид