Байден конгрессни Туркияга F-16 сотилишини маъқуллашга чақирди
Туркия парламенти Швециянинг НАТОга қабул қилинишини қўллаб-қувватлагач, АҚШ президенти конгресс тегишли қўмиталарига мактуб йўллаб, уларни Анқарага қирувчи самолётлар сотиш бўйича келишувга аралашмасликка чақирди.
Туркия парламенти Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш аризасини ратификация қилиши ортидан АҚШ президенти Жо Байден сенатнинг ташқи алоқалар қўмитаси ва вакиллар палатасининг ташқи ишлар қўмитаси раҳбарларига мактуб йўллаб, Туркияга F-16 қирувчи самолётларини сотишни маъқуллашга чақирди. Бу ҳақда 25 январ, пайшанба куни жаҳон агентликлари хабар берди.
Туркия парламенти 23 январ куни Швецияни НАТОга қабул қилишга овоз берди. 287 депутат аризани ратификация қилиш тарафдори бўлган бўлса, 55 нафари қарши чиқди. Энди ҳужжат имзолаш учун Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга юборилади. Reuters’нинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Байден мактуби 24 январ куни юборилган, айни пайтда унинг маъмурияти ҳали F-16’ни сотиш режалари ҳақида конгрессни расман хабардор қилмаган.
Айни пайтда, The New York Times газетасининг таъкидлашича, 24 январ оқшомида тўрт нафар юқори мартабали қонун чиқарувчи ҳали розилик бермаган. «Улардан бири ёки бир нечтаси бунга рози бўлишдан олдин Байден маъмуриятидан Туркиянинг ташқи сиёсатдаги айрим масалалар бўйича ҳаракатларига оид кафолатлар сўраши мумкин», — дейилади нашр ахборотида.
Аввалроқ конгресс аъзолари Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Швеция аризасини ратификация қилишга рози бўлмагунча, Туркияга жанговар самолётлар сотиш масаласини овозга қўймасликлари ҳақида огоҳлантирган эди.
2021 йил октябр ойида Туркия умумий қиймати 20 миллиард АҚШ долларига Lockheed Martin F-16 қирувчи самолётлари ва мавжуд ҳарбий самолётлари учун 80 га яқин модернизация тўпламларини сотиб олиш бўйича сўров юборди. Ҳар бир йирик хорижий қурол савдоси сенатнинг ташқи алоқалар қўмитаси ва вакиллар палатасининг ташқи ишлар қўмитаси раҳбарияти томонидан кўриб чиқилади. Улар мунтазам равишда инсон ҳуқуқлари ёки дипломатик масалалар бўйича бундай келишувларни кечиктириши ёки тўсиб қўйиши мумкин бўлган саволлар ёки хавотирларни билдиради, деб эслатади Reuters.
Швециянинг НАТОга йўли
Швеция 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми фонида Финландия билан бир вақтда Шимолий Атлантика алянсига қўшилиш учун ариза берди. Финландия 2023 йил 4 апрелда расман НАТОга аъзо бўлди. Швециянинг алянсга қабул қилиниши ҳозирча икки давлат - Туркия ва Венгрия томонидан маъқулланмаган.
Туркия Стокҳолм аризасини маъқуллашдан бош тортиб келди, чунки у Швецияни Анқара террорчи деб ҳисоблаган курд фаолларини қўллаб-қувватлашда айблайди. Швеция, ўз навбатида, сиёсатини қатъийлаштириб, Анқара шартларини бажарганини даъво қилмоқда. Узоқ давом этган музокаралар ва шартлар муҳокамасидан сўнг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Швециянинг аризасини кўриб чиқиш учун Туркия парламентига топширди.
Венгрия - Швециянинг аризасини ҳали тасдиқламаган ягона давлат
Туркия Швециянинг Шимолий Атлантика иттифоқига киришини маъқуллаганидан сўнг, Венгрия буни амалга оширмаган ягона давлат бўлади.
24 январ куни Венгрия бош вазири Виктор Орбан Швециянинг НАТОга узоқ вақтдан бери кечиктирилган қабул этилишини имкон қадар тезроқ ратификация қилишга ваъда берди. «Мен Венгрия ҳукумати Швециянинг НАТОга аъзолигини қўллаб-қувватлашини тасдиқладим. Шунингдек, биз миллий ассамблеяни (парламент) Швециянинг киришини қўллаб-қувватлаш учун имкон қадар тезроқ овоз беришга ва ратификация жараёнини якунлашга ундашда давом этишимизни таъкидладим», деб ёзди Орбан НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан телефон суҳбатидан сўнг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Виктор Орбан Венгрия парламентида Швециянинг Шимолий Атлантика алянсига қўшилиши масаласи бўйича овоз бериш айнан қачон ўтказилиши мумкинлигига аниқлик киритмади. Навбатдаги сессия 27 феврал куни бошланади. Венгрия парламенти бундан олдин навбатдан ташқари йиғилиш учун йиғилиши мумкинми ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас.
Швециянинг НАТОга киришини ратификация қилиш масаласи аллақачон Венгрия давлат ассамблеясининг тегишли қўмиталари томонидан маъқулланган, ялпи мажлисда овоз бериш қолди.
Мавзуга оид
09:31
Европа Байдендан кетишидан олдин Украинага ёрдамни оширишни сўрамоқда
21:08 / 14.11.2024
Президентлар учрашуви: Байден ва Трамп Оқ уйда икки соат гаплашди
09:40 / 14.11.2024
Байден Трампга: Украинани қўллаб-қувватлаш АҚШ манфаатларига жавоб беради
21:45 / 13.11.2024