Жаҳон | 12:23 / 25.01.2024
2491
5 дақиқада ўқилади

Озарбойжон йил охиригача Еврокенгаш парламент ассамблеясида қатнашмайди

Еврокенгаш парламент ассамблеяси депутатлари Озарбойжон делегациясининг ваколатларини мамлакат Европа кенгаши олдидаги мажбуриятларини бажармагани учун ратификация қилишдан бош тортди.

Фото: Sputnik / Dominik Buten

Европа кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА) депутатлари Озарбойжон делегацияси ваколатларини ратификация қилишдан бош тортди. Бундай қарорга давом этаётган инсон ҳуқуқлари бузилиши, мухолиф сиёсатчилар ва мустақил оммавий ахборот воситалари таъқиб этилиши, Тоғли Қорабоғда расмийлар ҳаракатлари ва Бокунинг Европа кенгаши кузатувчиларини президентлик сайловларига таклиф қилишдан бош тортгани сабаб бўлгани айтилади. «Ассамблея Озарбойжон делегациясининг ваколатларини тасдиқламасликка қарор қилди», дейилади ЕКПАнинг 24 январ, чоршанба куни Страсбургда қабул қилинган резолюциясида. Залда ҳозир бўлган 90 нафар депутатдан 76 нафари қарорни қўллаб-қувватлади, 10 нафари қарши овоз берди, яна тўрт нафари бетараф қолди.

Инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги

Икки кун олдин, барча миллий делегациялар ваколатларини тасдиқлаш тартиби бўлиб ўтадиган ЕКПАнинг қишки сессияси очилишида социалистлар гуруҳи раҳбари, Германиядан депутат Франк Швабе Боку вакилларини ратификация қилишдан бош тортишни таклиф қилди. У бу таклифни Озарбойжон ҳаракатлари Европа кенгашининг ҳамкорлик тамойилларини бузаётгани билан изоҳлади. Швабе ташаббуси зарур миқдордаги ЕКПА аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди. Ассамблеянинг кузатув қўмитаси Бокуга қўйилган барча даъволарни ўрганиб чиқиб, Озарбойжон делегациясининг ваколатларини ратификация қилмасликни тавсия қилди. ЕКПА бу тавсияни инобатга олди. 

«Ассамблея Озарбойжон Европа кенгашига қўшилганидан кейин 20 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, ташкилотга аъзолигидан келиб чиқадиган асосий мажбуриятларини бажармаганидан афсусда», - дейилади резолюцияда. ЕКПА аъзолари эркин ва адолатли сайловлар ўтказилмаслиги, қонун чиқарувчи ҳокимият заифлиги, мустақил суд тизими йўқлиги ва инсон ҳуқуқлари бузилишидан «жиддий хавотирда», дейилади маълумотда. Сиёсий маҳбуслар, оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлиги бузилиши ҳақидаги кўплаб хабарлар ҳам ЕКПА депутатларининг қарорига таъсир қилгани айтилади.

Алоҳида резолюцияда Лочин йўлагининг блокадаси ва Озарбойжон ҳукуматининг 2023 йил сентябр ойида Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлари, бу ҳудуддан «бутун арман аҳолисининг чиқиб кетишига» олиб келгани ҳақида сўз боради. Бундан ташқари, ҳужжатда Бокунинг ЕКПА билан мониторинг тартиби доирасида ҳамкорлик қилишдан бош тортгани, «хусусан, бўлажак президентлик сайловларини кузатиш учун таклифнинг йўқлиги, шунингдек, ассамблея маърузачилари билан ҳамкорлик кузатилмаётгани» қайд этилган. 

Озарбойжоннинг ўзи ЕКПА билан ҳамкорликдан бош тортди 

Бу қарордан сўнг, процессуал қоидаларга кўра, Боку камида бир йил давомида – кейинги қишки сессияга қадар ЕКПА ишида қатнаша олмайди. Шу билан бирга, резолюцияга киритилган ўзгартиришда Озарбойжон делегацияси «регламентда назарда тутилган шартлар бажарилгандан кейин ўз фаолиятини давом эттириши» кўзда тутилган. Гап, биринчи навбатда, аъзо давлатлар мониторинг миссиялари ва ЕКПА кузатувчилар миссияларининг ишлашига рухсат бериш мажбуриятлари ҳақида бормоқда. 

Озарбойжон делегацияси ушбу резолюция бўйича овоз бериш натижаларини кутмади ва мунозара бошланишидан бир неча соат олдин ЕКПА билан ҳамкорликни тўхтатаётганини расман эълон қилди. Унинг раҳбари Самад Сейидовнинг айтишича, Боку делегацияси ваколати бўйича эътироз қилиш ташаббуси Озарбойжонга қарши «ёмон кампаниянинг бир қисмидир». Шу билан бирга, Сейидов ғарб давлатларини Озарбойжондаги сайловларга аралашиш ва «коррупция»да айблади. 

Германиянинг ваколатлари тасдиқланди 

Немис делегациясининг ваколатларини тасдиқлаш бўйича вазият эса муваффақиятли якунланди, унга ҳам сессия очилишида эътироз билдирилди, аммо бу процессуал асосларга тааллуқли эди. Депутатларнинг Берлинга даъволарига делегация таркибида сиёсий мувозанат йўқлиги сабаб бўлган: унинг таркибига сўллар гуруҳи - ўтган йил декабрида бундестагда фаолиятини тўхтатган фракциядан икки вакил кирди.

Бироқ, ЕКПА регламент қўмитаси Германия делегациясида ассамблея қоидалари ёки Еврокенгаш низоми бузилишини аниқламади ҳамда шунинг учун унинг ваколатларини тўлиқ ва ҳеч қандай изоҳларсиз ратификация қилди. 

Мавзуга оид