Жаҳон | 23:11 / 26.01.2024
13301
2 дақиқада ўқилади

Путин илк бор Ил-76 самолётининг ҳалокатига изоҳ берди

У самолёт ҳалокатида Украинани айблади. 

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин Ил-76 Россия ҳарбий транспорт самолётининг Белгород вилоятида ҳалокатга учраганига илк бор изоҳ берди. У самолёт ҳалокатида Украинани айблади.

Россия президенти сўзларига кўра, Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси самолёт бортида украиналик ҳарбий асирлар борлигидан хабардор бўлган. 

«65 киши бор эди. Биз уларни шунчаки у ерга олиб борганимиз йўқ. Бош разведка бошқармаси ва Украина Қуролли кучлари у ерга 65 нафар ҳарбий хизматчини олиб бораётганимизни билишган ва менимча, жами 190 нафарни олиб бориш режалаштирилган эди», деди у. 

Россия президентининг таъкидлашича, Украина қасддан зарба берганми ёки хато қилганми номаълум, аммо «улар буни қилгани кўриниб турибди». Унинг сўзларига кўра, Киев назорати остидаги ҳудудлардан иккита ракета учирилиши қайд этилган, 2-3 дақиқадан кейин самолёт уриб туширилган, ундан қочиб қутулишнинг деярли имкони бўлмаган». 

«Бу ҳеч қандай шароитда дўстона зарба бўлиши мумкин эмас эди», деб қўшимча қилди у. 

Путиннинг таъкидлашича, Ил-76 ҳалокатга учраган жойдан топилган парчалар самолёт Франция ёки АҚШ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилганидан далолат беради. Ил-76 иши бўйича тергов натижалари «Украина халқи билиши учун» эълон қилинади.

Мавзуга оид