Франция Россияни дезинформация кампаниясида айблаб чиқди
Sputnik News, RT ва РИА «Новости» агентликлари Москва Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан бери олиб бораётган Францияга қарши «фейклар» кампаниясида иштирок этмоқда, дея маълум қилди Франция қуролли кучлари вазирлиги.
Франция Россияни Москва томонидан Украинага қарши бошлаган уруш контекстида Ғарбий Европанинг ушбу давлати ҳақида атайлаб ёлғон маълумот тарқатишда айблади. Гап Sputnik News, RT ва РИА «Новости» каби давлат ОАВ иштирокидаги «Россия томонидан келишилган ҳаракатлар» ҳақида кетмоқда, деб хабар қилди Франция қуролли кучлари вазирлиги 26 январ, жума куни.
Парижнинг таъкидлашича, 2022 йил февралида Россиянинг қўшни давлатга ҳужуми бошланганидан бери Франция «Россиянинг дезинформация кампаниясининг нишони» бўлди. Унга кўра, бу кампания январ ойи ўрталарида Франция президенти Эммануэл Макрон Россиянинг фронтдаги ғалабаси таҳдиди ҳақида огоҳлантириб, Украинага янги ҳарбий ёрдам кўрсатилишини эълон қилган пайтдан бошлаб кучайди.
Париж Россия мудофаа вазирлигининг француз ёлланма аскарлари ҳақидаги баёнотини рад этди
17 январ куни Россия мудофаа вазирлиги Киев томонида жанг қилаётган хорижликларнинг Харкивдаги «вақтинчалик жойлаштириш пункти»га РФ томонидан ҳужум уюштирилгани ҳақида эълон қилиб, жойлаштириш пункти асосан «француз ёлланма аскарлари»дан иборат бўлганини билдирди. Париж бу айбловларни рад этиб, Украинада француз ёлланма аскарлари ҳақидаги сўзларни «қўпол манипуляция» деб баҳолади.
Бир неча кундан сўнг, бир қатор Telegram-каналларда зарба оқибатида ҳалок бўлган ёлланма аскарлар рўйхати эълон қилинди, бироқ бу рўйхатларнинг баъзилари эҳтимолий французлар исмлари билан 2022 йилдан бери тарқалмоқда, дея таъкидлайди AFP. Бундан ташқари, 24 январ куни Россия мудофаа вазирлиги биринчи марта Францияда ишлаб чиқарилган SAMP-T зенит-ракета мажмуаси йўқ қилинганини билдирди, аммо бу ҳақда далиллар келтирмади, дея таъкидлаб ўтди Париж.
Франция Украинага ҳарбий ёрдам кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, Россиядан кейинги «манипуляциялар»ни кутмоқда, деди Франция қуролли кучлари вазири Себастен Лекорню. Париж бундай таҳдидларга жавоб чораларини кучайтиради, дея қўшимча қилди вазир.
Мавзуга оид
16:52
Россиянинг Сахалин областида мигрантларга 24 та соҳада ишлаш тақиқланди
08:10
Apple BBC, The Insider ва "Эха Москвы" подкастларини Россияда яшириб қўйди
19:27 / 14.11.2024
Ўзбекистондаги меҳмонхонада вафот этган россиялик журналист қонида ис гази излари топилди – ОАВ
15:42 / 14.11.2024