Жамият | 16:32 / 31.01.2024
7001
1 дақиқада ўқилади

“Права”сиз Damas бошқарган йигит Nexia-2ʼнинг ёниб кетишига сабаб бўлди

У чорраҳада светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиб, ўз йўлидан келаётган Nexia-2ʼга урилган.

Жиззах шаҳрида Damas ва Nexia-2 машиналари ўзаро тўқнашган. Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2024 йил 29 январ куни содир бўлган.

Жиззах шаҳри Ўратепалик маҳалласи ҳудудида иккита кўча кесишмасида Damas ва Nexia-2 ўзаро тўқнашган. Оқибатда Nexia-2ʼда ёнғин бошланиб, кўп ўтмай машина бутунлай ёниб кетган.

Дастлабки суриштирувда Damas бошқарувида бўлган 22 ёшли йигит ҳали ҳайдовчилик гувоҳномаси олмагани ва у светофорнинг қизил чироғида ўтиб келиб, Nexia-2 билан тўқнашгани аниқланган.

Қайд этилишича, Nexia-2 машинасининг ҳайдовчиси ва йўловчиларига тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Улардан бири шифохонага ётқизилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид