Ўзбекистон | 18:55 / 31.01.2024
14931
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқароларининг икки давлат ҳудудида бўлиш муддати оширилди

Энди икки давлат фуқаролари қўшни давлат ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан 30 кунгача бўлиши мумкин.

31 январ куни Қозоғистон парламенти Ўзбекистон билан 2000 йил 7 июлда қабул қилинган фуқароларнинг ўзаро саёҳати шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш баённомасини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Битим Қозоғистон Республикасининг 2002 йил 15 январдаги қонуни билан ратификация қилинган, деб хабар бермоқда КазТАГ.

Шундай қилиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқароларининг қўшни давлат ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан бўлиш муддати 5 кундан 30 кунга оширилмоқда.

Ўзбекистон ушбу баённомани 2023 йил 25 апрелда ратификация қилган эди.

«Янги ҳужжат икки давлат фуқароларини бир-бирининг ҳудудида бўлиши учун қулай шарт-шароитлар яратади ва икки қардош давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар, бизнес ва маданий алмашинувларни янада ривожлантиришга таъсир қилади», дейилади Қозоғистон парламенти баёнотида.

Мавзуга оид