«Барса»ни қутқарган «янги Роналдо» ва Дарвиннинг антиқа рекорди. Кун ўйинлари
Чоршанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: Клопп учун ўйнаётган «Ливерпул»
«Ливерпул» — «Челси» 4:1
Голлар: Жота (23), Брэдли (39), Собослаи (65), Диас (79) — Нкунку (71).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Нунес (45+2).
«Ливерпул» – Алиссон, Брэдли (Александер-Арнолд, 68), ван Дейк, Конате, Гомес (Робертсон, 69), Собослаи (Эллиотт, 69), Мак Аллистер, Жонс (Кларк, 83), Жота (Гакпо, 68), Диас, Нунес.
«Челси» – Петрович, Дисаси, Силва, Бадиашил, Чилуэлл (Гюсто, 46), Галлаҳер (Нкунку, 46), Фернандес, Кайседо (Чуквуэмека, 66), Палмер (Казадеи, 85), Стерлинг, Мадуэке (Мудрик, 46).
Огоҳлантиришлар: Кайседо (11), Фернандес (33), Чилуэлл (35), Дисаси (41), Нунес (47), Конате (76).
Мавсум якунида истеъфога чиқишини эълон қилган Юрген Клопп нафақат «Ливерпул» мухлисларини йиғлатди, балки жамоага ҳам максимал даражада иштиёқ берди. Футболчилар энди мураббий учун ҳам мавсумни соврин билан якунлашга аҳд қилишган.
Энди «Энфилд»даги ҳар бир ўйин — германиялик мутахассис учун алоҳида одага айланади. «Ливерпул» мухлисларининг машҳур You'll never walk alone қўшиғи Клопп учун бағишланади. Буларнинг барчаси футболчиларга ҳам ўтишига шубҳа йўқ.
Мисол учун, Дарвин Нунес «Ливерпул»даги бир ярим йили давомида у — кайфият ўйинчиси эканини намойиш этди, унинг ўйини руҳий ҳолатига боғлиқ бўлади. У яхши кайфиятда бўлса ўйинни «ёндириши» ҳам, аксинча бўлса «сўниб қолиши» ҳам мумкин. Бунинг исботини — «Челси» билан ўйиннинг биринчи бўлимида ҳам кўриш мумкин эди: дастлабки 18 дақиқада уругвайлик форвард дарвоза сари беш бор зарба йўллади, шу билан бирга бу уринишлардан фақат охиргиси яққол голли вазият эди. Ундан олдинги тўрт зарбада у шошилди ёки яхши тайёрланмасдан зарба берди, бешинчи зарбаси эса устунга борди, аниқроғи «Челси» дарвозабони Петрович тўпнинг йўналишини ўзгартирди.
Бу ўйинда унга ҳисобни очиш насиб қилмади ва бўлим ўрталарида жамоанинг иккинчи ҳужумчиси — Диогу Жота рақиб жарима майдонига ёриб кириб, совуққонлик билан аниқ зарба берди. Жароҳатидан тикланиб қайтгач, ёрқин ўйин кўрсатаётган португалиялик ҳужумчи АПЛнинг сўнгги тўрт турида тўрт гол урган ва икки голга узатма берган — Африка кубогидан эртароқ қайтган Салоҳ ҳам бундай статистикага ҳавас қилиши мумкин. Аммо мисрлик ҳужумчи ҳозирча .
«Ливерпул»нинг бошқа етакчиси — Александр-Арнолд ҳам сафда эмас. Трент яқинда «Норвич»га қарши кечган кубок ўйинида захирадан тушганди, аммо ҳозирча 90 дақиқа ўйнашга тайёр эмас. Шу туфайли ҳимоянинг ўнг қанотида 20 ёшли Конор Брэдли ҳаракат қилди ва кутилмаганда айнан у биринчи бўлим қаҳрамонига айланди.
Умуман олганда, «Челси» ушбу тажрибасиз ҳимоячига қанот бўйлаб ҳужум уюштириб, уни доғда қолдиришни кўзлаганди. Қоғозда бу мантиқий тактик ёндашувдек кўринади, аммо амалда Брэдли нафақат ўз қанотидаги босимга дош бера олди, балки ўзига паст баҳо бергани учун лондонликларни жазолади ҳам. Биринчи голли ҳужумда ушбу йигитча майдоннинг иккинчи қисмида Чилуэллдан тўпни олиб қўйди ва тўпни олдинга олиб бориб, Жотани голли узатма билан таъминлади. Иккинчи голни эса Брэдлининг ўзи урди: шимолий ирландиялик футболчи яна очиқ қолдирилган кенг йўлак бўйлаб югуриб, Диаснинг узатмасини қабул қилди ва орадаги фарқни оширди.
«Челси»да эса ҳеч нарса ўхшамади: жамоалар кийим алмаштириш хонасига зарбалар бўйича 15:1 кўрсаткичи билан йўл олди, меҳмонларнинг ягона зарбаси бўлим якунланишига 30 сония қолганида йўлланди: 45-дақиқада уларнинг дарвозасига пеналти белгиланди, аммо Нунес яна устунни мўлжалга олди.
Иккинчи бўлим бошланишидан олдин Маурисио Почеттино бирданига уч футболчини майдонга туширди ва улардан иккиси дарҳол голли вазият яратишди, аммо Мудрик Гюстонинг қанотдан берган узатмасини дарвоза тўрига тўғрилаб қўя олмади. Умуман олганда, «Челси» иккинчи бўлимда нисбатан яхшироқ ўйнади, аммо меҳмонлар сафида Брэдли каби футболчи йўқ эди: 65-дақиқада ушбу ҳимоячи Собослаига ажойиб пас бериб, яна бир голда иштирок этди. Бу Конорнинг АПЛ доирасида «Энфилд»даги илк ўйини эди ва унинг дебюти кутилганидан ҳам аъло чиқди: иккита голли узатма ва гол!
Яна бир эътиборли жиҳати Брэдли майдондан олиниши билан «Ливерпул» гол ўтказиб юборди: соғайиб сафга қайтган Нкунку орадаги фарқни қисқартирди. Аммо «Челси» барибир йирик ҳисобдан қутулиб қола олмади.
Агар 20 ёшли ҳимоячи — оқшом қаҳрамони бўлган бўлса, Нунес — антиқаҳрамонга айланди. Уругвайлик ҳужумчи барча ишни бевақт амалга оширди, қолаверса унга омад кулиб боқмади. Натижада ақл бовар қилмас статистика юзага келди: 90 дақиқа давомида у тўрт марта дарвоза тўсини ёки устунини нишонга олди. АПЛда шундай кўрсаткичлар ҳисоблаб борилиши йўлга қўйилган 2003/04 йиллар мавсумидан буён ҳеч ким бир ўйиннинг ўзида бунчалик кўп марта тўпни устунга ёки тўсинга қарата тепмаганди. Шунга қарамай, Дарвин майдонни голли ҳаракатсиз тарк этмади: унинг қанотдан узатмасидан кейин Диас якуний ҳисобни ўрнатди — 4:1.
Зарбалар статистикаси — «Ливерпул» фойдасига 28:4, дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича — 13:3.
Бу ўйин фаворит ва ўртамиёна жамоалар ўйини каби кечди ва шунга мос якунга эга бўлди. «Челси» ўнинчи ўринда, «Ливерпул» эса — биринчи ўринда қолди.
«Манчестер Сити» — «Бёрнли» 3:1
Голлар: Алварес (16, 22), Родри (46) — Ад Даҳил (90+3).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Люис, Стоунз, Аке, Гвардиол, де Брюйне (Ҳоланд, 71), Родри (Ковачич, 87), Фоден (Грилиш, 77), Нунеш, Доку, Алварес (Гомес, 87).
«Бёрнли» – Траффорд, Витино, О`Ши, Экдал (Массенго, 86), Ад Даҳил, Гудмундссон (Рэмзи, 59), Браунҳилл, Берге, Фостер (Фофана, 59), Амдуни (Робертс, 59), Одобер (Зарури, 76).
Огоҳлантиришлар: Экдал (21), Робертс (75), Эдерсон (75), Доку (81).
Захирада бир ўйин борлиги бир томондан «Манчестер Сити» учун тақвимни қийинлаштиради ва Хосеп Гвардиола ўрни келганда бу мавзу ҳақида гапириши ҳам тайин. Шу билан биргаликда, ўйинлар сони рукнидаги рақамлар «шаҳарликлар»да чемпионликни сақлаб қолиш учун имконият яхшироқлигига умид беради ва бу ўз навбатида рақибларга босим юклайди. «Арсенал» бир кун олдинги ўйинда «Ноттингҳем» устидан ғалаба қозониб, иккинчи ўринга кўтарилган бўлса-да, йўқотилган очколар бўйича чемпиондан ортда; қолаверса турнир жадвали етакчиси «Ливерпул» ҳам хавфсиз масофада илгарилаб кета олмаган.
Кўпчиликка маълумки, «Сити» мавсумнинг иккинчи даврасида ўйинини кучайтиради. Қолаверса, узоқ вақт жароҳатини даволаган Де Брюйне билан бу буткул ўзгача жамоага айланади. Айтиш мумкинки, белгиялик яримҳимоячи «шаҳарликлар» учун иккинчи бўлимда унинг ўрнига майдонга тушган Ҳоланддан кўра муҳимроқдир. Ва у бу ўйинда ҳам бундай қарашни тасдиқлади.
Рақиб дарвозасидан тахминан қирқ метр масофада жарима зарбаси белгиланганида одатда қисқа узатма орқали ўйналади ёки тўп ҳаводан икки клуб футболчилари тўпланиб турган жарима майдонига ошириб берилади. Аммо Кевин тўпни жарима майдони ичига ерлатиб узатиб, Алваресни голли пас билан таъминлади. «Бёрнли» футболчилари учун бу шок ҳолати эди. Гвардиола ҳам ҳайратга тушган ҳолда ўз ассистентларидан бирини қучиб олди, 24 ёшли аргентиналик форвард ўз туғилган кунида дубл расмийлаштирган энг ёш футболчига айланди.
Де Брюйне учун эса бу АПЛда 104-голли узатмага айланди. У Уэйн Рунини ортда қолдирган ҳолда лига тарихидаги энг яхши учинчи ассистентга айланди. Олдинроқда Райан Гиггз (162) ва Сеск Фабрегас (111) бор, белгиялик футболчи шу мавсумнинг ўзидаёқ иккинчи ўринга чиқиши мумкин. Аммо бу ўйиндаги энг асосий натижа — «Ливерпул» таъқиби давом этиши бўлди.
«Тоттенҳэм» — «Брентфорд» 3:2
Голлар: Удожи (48), Жонсон (49), Ришарлисон (56) — Мопе (15), Тоуни (67).
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен, Удожи, Мэддисон (Драгушин, 88), Бентанкур (Жонсон, 46), Кулусевски, Скипп (Ҳёйберг, 46), Вернер (Донли, 90+2), Ришарлисон.
«Брентфорд» – Флеккен, Роэрслев (Дасилва, 78), Ми, Пиннок, Коллинз (Айер, 78), Нёргор, Йенсен (Ярмолюк, 57), Янелт (Баптист, 88), Мопе, Тоуни, Люис-Поттер (Дамсгор, 88).
Огоҳлантиришлар: Нёргор (17), Мопе (43), Кулусевски (43), Ярмолюк (90), Донли (90+6).
«Тоттенҳэм» сешанба куни «Нюкасл»дан ўзига хос совға олганди, Эдди Ҳау шогирдлари деярли уддалаб бўлмас ишни бажаришди — «Астон Вилла» Бирмингҳемда таслим этилди. Унаи Эмери жамоаси қарийб бир йилдан буён ўз уйида ютқазмаётганди — 2023 йил 18 февралидан буён. Ва бу давр мобайнида «Вилла Парк»да «Ман Сити» ҳам, «Арсенал» ҳам мағлубиятга учратилганди. Аммо сўнгги икки турда беш очко йўқотилиши жамоанинг кучли тўртликдаги ўрнини хавф остида қолдирди. «Шпорлар» эса бу жойни «Вилла»дан тортиб олиши учун «Брентфорд»ни мағлуб этиши кифоя эди.
Лекин қоғозда осон кўринган ишни амалга ошириш амалда доим ҳам осон бўлавермайди ва биринчи бўлим охирига келиб мезбонлар 0:1 ҳисобида ортда бораётганди. Лекин иккинчи бўлим бошида меҳмонлар чинакамига шок ҳолатини бошдан кечиришди, Англияга иккинчи бор келиши муваффақиятли чиққан Вернер ўйинда бурилиш ясади ва икки дақиқа ичида икки гол ташкиллаштирди, Удожи ва Жонсон унинг узатмаларидан кейин дарвозани ишғол этишди. Қачондир лондонлик мухлислар унинг «Челси»даги ўйинини кулги остига олишганди, энди эса алмаштирилаётганида олқишлар билан кузатишмоқда.
Кўп ўтмай Ришарлисон мавсумдаги саккизинчи голини уриб, жамоасининг устунлигини мустаҳкамлади. У Ангелос Постекогли «Тоттенҳэм» бошқарувига келгач очилган яна бир футболчидир. Жамоадаги илк мавсумида Ришарлисон вазиятларни йўққа чиқариши билан ёдда қолганди, ҳозир эса у топ-5 лигалардаги энг сермаҳсул бразилияликка айланди, унинг голлари сони Родриго, Винисиус Жуниор ва Габриэл Жезусникидан кўпроқ. Бу ўйиндаги аниқ зарбаси якунда ғалаба голи бўлиб чиқди: «Тоттенҳэм» қолган вақт давомида ҳисобни ушлаш учун ўйнади ва фақат саккиз ойлик танаффусдан кейин майдонга қайтиши билан гол уришни бошлаган Айвен Тоуни ўйин охирида мезбонларни хавотирланишга мажбур қилди.
Испания: Хавининг севимли ҳисоби ва ўйини очилаётган Депай
«Барселона» — «Осасуна» 1:0
Гол: Роке (63).
«Барселона» – Пеня, Кунде, Араухо, Кубарси, Канселу, Гундўған, де Йонг, Педри (Ромеу, 77), Ферран Торрес (Лопес, 7; Роке, 62), Ямал, Левандовски.
«Осасуна» – Фернандес, Аресо, Унаи Гарсия, Давид Гарсия, Эррандо, Мохика, Торро (Ибанес, 83), Монкайола (Барха, 83), Орос (Брашанац, 68), Арнаис (Раул Гарсия, 68), Будимир (Рубен Гарсия, 68).
Огоҳлантиришлар: Унаи Гарсия (16), Педри (53).
Четлатиш: Унаи Гарсия (67).
«Барселона» Хави мавсум якунида кетишини эълон қилганидан кейинги илк учрашувда ғалаба қозониб, турнир жадвали пешқадами «Жирона» билан орадаги фарқни «Жирона» саккиз очкогача қисқартирди. Ўша баёнотидан кейинги матбуот анжуманларида Хави унинг штаби клубнинг энг оғир даврида ишлашига тўғри келаётганини, жамоа ҳали қайта қуриш босқичида эканини, ундан кейин ишловчилар ҳам катта босим остида ишлашини такрорлашда давом этди.
Каталониялик инсайдерлар хабар беришича, «Вилярреал»дан учралган мағлубиятдан кейин Хавининг кийим алмаштириш хонасида қилган нутқи вақтида айрим футболчилар кўз ёшларини тия олишмаган, кейин эса жамоа етакчилари бош мураббийнинг олдига кириб, у қолиши учун нима қилиши кераклигини сўраган. Хави эса бир неча бор қарорини ўзгартирмаслиги, ҳатто ЕЧЛ ғолиби бўлган тақдирда ҳам кетишини қайд этган.
Умуман олганда, футболчилар ва мураббий учун чинакам тўғри реакция мавсумнинг қолган қисмида сифатли ва натижа келтирувчи ўйин кўрсатиш бўлади. Лекин айни вақтда жароҳатлар эпидемияси давом этаётгани сабабли вазият мураккаб тус олмоқда. Ҳафта ўртасига қолдирилган турга тайёрланиш жараёни вақтида Жоау Феликс тўрт ҳафтага сафдан чиққани маълум бўлди, «Осасуна» билан ўйиннинг илк дақиқаларида эса Ферран Торрес жароҳат олиб, кўзда ёш билан майдонни тарк этди. Майдонда қолганлар эса рақибга у қадар қийинчилик туғдира олишмади.
Иккинчи бўлимга ўтибгина ҳақиқий босим уюштирилди ва Каталония пойтахтидагилар ниҳоят бразилиялик истеъдод Витор Рокенинг илк голини кўришга муваффақ бўлишди. Жоау Канселу тўпни шведка услубида дарвозабон ҳудудига етказиб берди ва у ерда турган ёш футболчи дарвозабондан илдамроқ ҳаракат қилиб, бош билан дарвозани ишғол этди. Бу вақтда у майдонга тушганига 68 сония бўлганди. Лекин бу клуб рекорди эмас, шу куни Торреснинг ўрнига тушган Гиу мавсумнинг биринчи даврасида майдонга тушганига 35 сония бўлганида ғалаба голини урганди ва бу унинг ла лигадаги илк сониялари эди.
Жамоанинг асосий ҳужумчиси Левандовски эса олти турдан буён гол ура олмаяпти. Аммо «Барса»га ғалаба учун бир голнинг ўзи етарли бўлди. «Барселона» зарбалар бўйича баскларни ортда қолдирди – 16:10 (жарима зарбасидан берилган зарбалар сони бўйича – 12:8, дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар сони бўйича – 4:1) ва Хави давридаги энг севимли ҳисобда ғалаба қозонди.
Қолаверса, Рокенинг голидан кейин мезбонлар Унаи Гарсия четлатилиши эвазига бир киши кўп бўлиб қолишди. Бу эса жамоа 11 январдан буён илк бор гол ўтказмасдан ғалаба қозонишига имкон берди, ўшанда ҳам ҳам кўк-анорранглиларнинг рақиби Испания Суперкубогида худди шу «Осасуна» бўлганди.
«Атлетико» — «Райо Валекано» 2:1
Голлар: Рейнилдо (35), Депай (90+1)— Гарсия (42).
«Атлетико» – Облак, Эрмосо, Рейнилду, Витцел, Лоренте (Де Паул, 58), Рикелме (Лино, 58), Саул (Коке, 69), Барриос, Вермерен (Молина, 46), Корреа (Гризманн, 58), Депай.
«Райо Валекано» – Димитриевски, Рациу (Балиу, 64), Лежен, Аридане, Эспино, Чаваррия, Гарсия (Трехо, 76), Паласон (Де Фрутос, 76), Кике Перес (Крешпу, 64), Оскар Валентин, Камело (Фалкао, 83).
Огоҳлантиришлар: Кике Перес (38), Паласон (60), Чаваррия (90+3).
Диего Симеоне белгиялик ёш истеъдод Вермеренга катта умид боғлаганини намойиш этди. Бир неча кун олдин «Антверпен»дан трансфер қилинган 18 ёшли футболчи дарҳол «Атлетико»нинг бошланғич таркибига киритилди. Сўнгги ўн йилликда бунга фақат «матрасчилар»нинг фахрий футболчиси Хименес мушарраф бўлган. Лекин адолат учун тан олиш керак: бу ўйин учун мадридликлар таркибида катта ротация амалга оширилганди ва бу Рейнилдо ла лигадаги илк голини уришига имкон берди.
«Реал»га қарши кечадиган дерби олдидан дам берилган Гризманн, Де Паул, Коке ва бошқа етакчилар иккинчи бўлимда майдонга туширилди, бу вақтга келиб Алваро Гарсиянинг ҳисобни тенглаштирувчи голидан кейин устунликни қайтариб олиш зарурати юзага келганди. Лекин юлдуз футболчилар тушиши ҳам «Райо»ни чўчита олмади. Ўйиннинг қолган қисмида ҳам «асаларилар» бир неча яхши вазиятларга эга бўлишди.
Аммо меҳмонлар барибир Депайни тўхтата олишмади ва нидерландиялик ҳужумчи қаторасига учинчи ўйинда дарвозани ишғол этди. Мемфиснинг биринчи голи VAR бир неча сантиметрлик офсайдни қайд этиши туфайли бекор қилинди, 90-дақиқада Гризманнинг узатмаси дарвоза тўрига жойланганида эса бу голни ҳеч ким бекор қила олмади. Ҳолбуки меҳмонлар француз ҳужумнинг бошланғич қисмида қоида бузган деб ҳисоблашганди, рақибнинг ҳаддан ташқари эҳтиросга берилиб эътироз билдирган бош мураббийи Франсискога қизил карточка кўрсатилди. «Атлетико» характер кўрсата олди ва ҳамон «Барселона» билан ёнма-ён кетмоқда.
Кун статистикаси
- «Ливерпул» ҳужумчиси Нунес бу мавсумда 7 бор дарвоза тўсини ёки устунига зарба бериб, АПЛнинг энг омадсиз футболчиси бўлиб турибди.
- Испания чемпионатида «Барселона»нинг захирадан тушган футболчилари 9 гол уришди ва жамоа ла лигада бу кўрсаткич борасида «Реал» ва «Жирона» билан биргаликда энг яхшилар қаторида турибди.
- «Кайзерслаутерн» 10 йиллик танаффусдан кейин яна бир бор иккинчи бундеслига вакили сифатида Германия Кубоги яримфиналига чиқди. Бунгача бундай натижани фақат «Ҳамбург» қайд эта олганди.
- Ҳужумчи Корреа «Атлетико» сафида 400 ўйин ўтказди. Аргентиналик футболчи бу борада иккинчи хорижлик, биринчиси словениялик Облак (424 ўйин) бўлиб турибди.
Мавзуга оид
13:34
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
11:13 / 10.11.2024
«Сити» инқирозда, «Ливерпул» олдинлаб кетди. Кун ўйинлари
10:01 / 10.11.2024
Винида яна ҳет-трик, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар
23:49 / 08.11.2024