Ўзбекистон | 19:12 / 01.02.2024
7581
2 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларни ободонлаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш қонун билан тақиқланди

Фото: yuz.uz

Педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади. Бу ҳақда президентнинг «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонуни имзоланди.

Қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланди. Педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади.

Умумий ўрта таълим ташкилотида илк бор касбий фаолиятини бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврида мураббийликни амалга ошириш учун тажрибали педагог бириктирилади.

Қонунга кўра, жумладан, қуйидагилар тақиқланади:

  • педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш;
  • педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш;
  • педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мавзуга оид