Ўзбекистон | 19:00 / 03.02.2024
8274
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Сув текин эмас, сувни биргаликда тежайлик

Сув танқислиги бугун ўйланишга мажбур қиладиган масалага айланди. 2030 йилда Ўзбекистонда сув ресурслари танқислиги кузатилиши мумкин. Сувнинг қадрини йўқотаётган “Сув текин” тушунчасининг оқибатларини ўйлашнинг ўзи қўрқинчли. 

Бу муаммони бартараф этиш учун давлат раҳбарининг ташаббуси билан Агробанк, Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети ҳамкорлигида “Сувчилар мактаби” лойиҳасини бошлаган эди. 

Деҳқон-фермерлар учун айни мавсум бошланиши олдидан ана шу лойиҳанинг 2-босқичига старт берилди.

Бунда ўқитишнинг биринчи босқичи тингловчиларнинг, асосан, сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш билан боғлиқ малакасини оширишга қаратилган бўлса, иккинчи босқичда аниқ амалий тадбирларга урғу бериш режалаштирилган.

Агробанк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Эркин Кахоров “Сувчилар мактаби”нинг асосий мақсади “Сув текин” тушунчасидан воз кечилишида эканлигини таъкидлади:

“Лойиҳада президентимизнинг “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган “Сув текин” тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида чуқурлаштирилган дастурлар ташкил этилмоқда” - деди Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари.

Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев лойиҳанинг самараси яқин кунларда натижа беришини таъкидлади:

“Бу босқичда шу йил охиригача 10 минг нафар фермер, 4 мингга яқин сув хўжалиги ходимлари, 1,5 мингдан ортиқ қурувчи ва пудрат корхоналари ходимлари ва лойиҳачиларини ўқитамиз” - деди вазир ўринбосари.

Лойиҳанинг самарали бўлиши барча дахлдор ташкилотлар томонидан назоратга олинган бўлиб, барча ҳудудларда махсус штаблар ташкил этилган.

Маълумот учун, мактабни ташкил этишда Туркия, Испания, Хитой давлатлари тажрибалари ўрганилди ҳамда ушбу давлатлардан хорижий мутахассислар жалб қилиниб, ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.

Иккинчи босқични янада такомиллаштирган ҳолда назарий ва амалий билимлар бериб борилади. Агробанк томонидан Республиканинг 13 та ҳудудида замонавий ўқув хоналари ҳамда илғор сув тежовчи технологиялар қўлланган тажриба майдонлари ташкил этилди.

Ўқув дастурлари ишлаб чиқиш ва дарс бериш жараёнларига 150 нафар профессор ўқитувчилар (шундан 30 нафар Туркия, Испания, Хитойлик экспертлар) танлов асосида жалб қилинди.

Ўқув курслари иккинчи босқичи 2024–2030 йилларда 60 минг нафар фермер хўжаликлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитишга мўлжалланган бўлиб, ҳар йили 10 минг нафар фермерларнинг амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган бўлади.