Жаҳон | 22:33 / 05.02.2024
11140
2 дақиқада ўқилади

Венгрия парламентида Швециянинг НАТО аъзолиги бўйича овоз бериш жараёни бойкот қилинди

Ҳукмрон партия аъзолари йиғилишга бормади, улар буни кейинроқ амалга оширишини таъкидламоқда. 

Фото: AP

Венгриянинг ҳукмрон «Фидес - Венгрия фуқаролик иттифоқи» партияси аъзолари Швециянинг НАТО аъзоси бўлиши ҳақидаги ариза бўйича парламентдаги овоз бериш жараёнида қатнашмади. Бу ҳақда маҳаллий HVG нашри хабар берди. 

Венгрия мухолифати томонидан чақирилган йиғилишни «Фидес»нинг иттифоқчиси Христиан-демократик халқ партияси (ХДХП) депутатлари ҳам бойкот қилди. Шу билан бирга, йиғилишда НАТО аъзоларининг бир қанча элчилари, жумладан Қўшма Штатларнинг Венгриядаги элчиси Дэвид Прессман ҳам иштирок этди. 

Йиғилишда жами 51 нафар депутат қатнашди, 148 нафари қатнашмади.

Йиғилиш арафасида «Фидес» вакиллари овоз бериш жараёнини бойкот қилмоқчи эканини айтишган эди. «Фидес» парламент гуруҳи раҳбари Мате Кочиш сўзларига кўра, ратификация баҳорги сессия пайтида, шунингдек, Швеция бош вазири Улф Кристерссоннинг Будапештга ташрифидан кейин амалга оширилиши мумкин. 

Швеция 2022 йил май ойида, Россиянинг Украинага бостириб киришидан кўп ўтмай, НАТО аъзоси бўлиш учун ариза берди. Алянсга аъзоликни маъқулламаган охирги давлатлар Туркия ва Венгрия эди, бироқ 23 январ куни Туркия парламенти бу ҳақдаги протоколни ратификация қилди. 25 январ куни Эрдўған ҳужжатни имзолади. 

Январ ойи охирида Венгрия бош вазири ва «Фидес» партиясининг доимий раҳбари Виктор Орбан Венгрия ҳукумати Швециянинг НАТО аъзоси бўлишини қўллаб-қувватлашини айтган эди. 

«Фидес» Венгрия парламентидаги кўпчилик ўринларга эга – 199 тадан 133 тасига.

 

Мавзуга оид