Ўзбекистон | 10:05 / 07.02.2024
27272
2 дақиқада ўқилади

Panorama Airways хусусий авиакомпаниясининг мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилди 

Жиноят иши доирасида 1 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Фото: Uzbekistan Airports

Умра сафари билан боғлиқ муаммо туфайли хусусий авиакомпания мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, Транспорт прокуратураси томонидан ўзбекистонликларнинг Умра сафаридан қайтариш чораларини кўрмаган ҳамда бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий авикомпания мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши доирасида 1 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган.

Бош прокуратура иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслигини билдирди.

Олдинроқ Умра зиёратига борган бир неча минг ўзбекистонлик Panorama Airways рейслари кечиккани сабабли Арабистонда бир неча кун қолиб кетгани хабар қилинганди. Серияли муаммоларга дуч келган авиакомпания бошқарув ходимларини янгилаб, 2-4 феврал кунлари 3 мингдан ортиқ йўловчини уйига қайтарган. Туризм қўмитаси турфирмаларни огоҳлантириб, зиёратчиларга мурожаат билан чиққанди.

Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси ҳам зиёратчиларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилганини, қолган фуқароларни ҳам ортга қайтаришда чоралар кўрилаётганлигини билдирганди.  

Мавзуга оид