Nurafshon TV телеканали ходими ҳамкасбига шилқимлик қилгани учун қамалди
Тошкент вилоятида фаолият юритувчи давлат телеканали бош муҳаррири ўринбосари ўз ходимасини иш жойига алдаб чақириб, унга тегажоғлик қилган.
Ўз ходимасига шилқимлик қилган Тошкент вилоятида фаолият юритувчи Nurafshon TV телеканалининг бош муҳаррир ўринбосарига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда суд қарорига таяниб, Gazeta.uz хабар берди.
2024 йил 6 феврал куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш)га оид суд иши кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, 27 январ куни 1988 йилда туғилган Х.Ш. (муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган) ўз ходимасини иш жойига алдаб чақириб, унга тегажоғлик қилиб, уни бурчакка тақаб, ўпмоқчи бўлган. Қиз бундай ҳолат анчадан буён бўлиб келаётганини, бу ҳолатдан сўнг асабийлашиб қолганини билдириб, суддан Х.Ш.га нисбатан қонуний чора кўришни ва унга етказилган маънавий зарарни ундириб беришни сўраб, кўрсатма берган.
Судланувчи юқорида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрорлигини, ҳозирда қилган ишидан пушаймонлигини, қилмишининг оқибатларини тушуниб етганини, келгусида бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Суд қарорига кўра, Х.Ш. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан айбдор деб топилган, унга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасига кўра шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Ушбу модда қонунга 2023 йил 12 апрел куни киритилган.
Аввалроқ, Ўзбекистонда 2023 йилда 666 киши шилқимлик учун жавобгарликка тортилгани хабар қилинганди. Уларнинг 233 нафарига жарима жазоси, 433 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланган.
Мавзуга оид
21:37 / 17.07.2024
Чинозда келинига шилқимлик қилган 70 ёшли қайнота 3 суткага қамалди
12:29 / 08.07.2024
Тошкентда 80 ёшли аёлга шилқимлик қилган эркак 5 суткага қамалди
11:54 / 27.06.2024
Тошкентда харидор аёлга шилқимлик қилган тарвуз сотувчи қамалди
12:05 / 15.05.2024