Жамият | 15:31 / 11.02.2024
17046
2 дақиқада ўқилади

Андижонда кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлди

Бу сўнгги 4 ойда кўп қаватли уйларнинг томи ёниб кетиши билан боғлиқ учинчи ҳодиса ҳисобланади. Бундан олдинги ҳодиса 2 феврал куни содир бўлганди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Андижон вилояти Марҳамат туманида кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлган Бу ҳақда Фақулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун 2024 йил 11 феврал куни соат 14:00 да ФВБга Марҳамат тумани “Ўзбекистон” МФЙда жойлашган кўп хонадонли икки қаватли уйда ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган.

Ҳодиса жойига 7 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси соат 14:06 да етиб бориб, соат 14:44 да ёнғин ўчирилган. 

“Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмади. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, дейилади хабарда.

ФВВ хабарида кўп қаватли уй томининг қанча қисми ёниб кетгани ҳақида айтилмабди. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоларда кўп хонадонли икки қаватли уйнинг том қисми бошдан охиригача ёнаётганини кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги икки йилда Андижон вилоятида кўп қаватли уйларда ёнғин чиқиши билан боғлиқ бир нечта ҳодиса содир бўлди. Уларда кўплаб одамлар жабрланди, айримлар вафот этди.

Жумладан, 2024 йил 2 феврал куни тунда Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида ёнғин чиқди. Оқибатда бир киши ҳалок бўлди, яна бир киши жароҳатланди. Ёнғинга газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши сабаб бўлган.

2023 йил 5 март куни Андижон шаҳри Амир Темур кўчасида жойлашган кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлди. Оқибатда кўп қаватли уйнинг томи ёниб кетган. Ҳодисада ҳеч ким жароҳатланмаган ва ҳалок бўлмаган.

2022 йил 20 ноябр куни Андижон шаҳрининг 3-кичик даҳасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида ёнғин келиб чиққан. Оқибатда уйнинг томи бутунлай ёниб кетган. Ҳодиса содир бўлаётган жойга вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам етиб борганди.

Мавзуга оид